26 февраль 2023 306

Ютуқлар ортида машаққатли меҳнат бор

Лицейимиз ўқувчиларига қўйилаётган талаб юқори. Билимда, спортда фаол бўлишнинг ўзи етарли эмас, ёшларимиз ватанпарвар, мард ва жасур бўлиб вояга етишлари шарт. Бунинг учун барча шароитлар яратилган.

Таълим муассасаси ўқув хоналари замонавий талабларга жавоб берадиган даражада жиҳозланган. Салкам 13 минг китоб фондига эга бўлган Ахборот-ресурс маркази, электрон кутубхона, 2 та компьютер синфи, физика ва кимё лаборатория хоналари, спорт зали, ётоқхона ўқувчилар ихтиёрида.

Лицейда ички ишлар органларининг соҳавий хизмат йўналишлари бўйича 9 та махсус хона ташкил этилгани ўқувчиларнинг бу йўналишдаги билим ва малакасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, фахрийлар, вилоят ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг тажрибали ходимлари билан юзма-юз мулоқотлар ҳам бесамар кетмаётир.

Лицейимизда фаолият олиб бораётган 30 нафар педагогнинг 2 нафари фан номзоди. Улар томонидан 20 дан ортиқ республика ва халқаро миқёсдаги нашрларда илмий мақолалар чоп қилинган. Лицей директори, майор Илҳомжон Бурхонов бошчилигида ҳар бир ўқитувчининг дарс машғулотини кузатиш, тажриба алмашиш, «Устоз-шогирд» анъанасига таянган ҳолда ёш педагогларга амалий кўмак бериш иш унумдорлигини оширмоқда.

Таълим даргоҳимизда 363 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Шаҳзода Қодиралиева қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони бўлган бўлса, Муаззам Араббоева қитъа чемпионатида зафар қучган. Шу билан бирга, 11 нафар ўқувчимиз инглиз тилини билиш бўйича В2 сертификатига эга экани кишини фахрлантиради. Янада эътиборлиси шуки, ўтган ўқув йилида битирувчиларимизнинг 46 нафари ИИВ Академиясига, 3 нафари Россия ИИВ Академиясига, 8 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ва 208 нафари мамлакатимиздаги турли олий ўқув юртларига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Бундай муваффақиятларга эришишда педагогларимиздан Наргиза Ҳожимирзаева, Мадина Солиева, Муяссар Қўшинова, Хуршида Камолова, Шаҳриёр Ғуломжонов, Ҳалима Турсунова, Ғуломжон Ғойиббоев, Насиба Муҳиддинова, Шуҳратжон Абдуллаев, Ғайратжон Холматов, Саида Муродова, Ҳасан Ибрагимовларнинг ҳиссаси катта.

Тошмамат Давлатов, ИИВ Наманган академик лицейи курс раҳбари, истеъфодаги подполковник.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага