Ёшлар — келажак бунёдкори: Аҳдида қатъий
- Болалигимда қўшни қизнинг турмуши бузилиб, ота уйига қайтиб келганида бутун маҳаллада дув-дув гап бўлгани кечагидек эсимда, — дейди лейтенант Гулчеҳра Сувонова. — Эри томонидан унга етказилган тазйиқ ва зўравонликлар натижасида оиласи бузилди, икки фарзанди тирик етим бўлиб қолди. Ўшанда аёлларнинг ҳимоячиси бўлишга қатъий аҳд қилганман.
Қаҳрамонимиз ИИВ Академиясини аъло баҳоларга тамомлаб, олис ҳудуд — Нурота тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори сифатида хизмат фаолиятини бошлади. Тумандаги аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва алдов қурбони бўлишдан асрашдек масъулиятли вазифани аъло даражада бажараётган ёш ходима билими, хушмуомалалиги туфайли нуроталик аёллар меҳрини қозонган.
Афсуски, рўзғор юкини зиммасига олиб, турли жойларда ишлаётган, даромад орттириш мақсадида чет элларга кетаётган аёлларимиз йўқ эмас. Айни пайтда туманнинг “Темирқовуқ” МФЙдан 6 нафар, “Тинчлик” МФЙдан 5 нафар, “Қизилча” МФЙдан 2 нафар хотин-қиз худди шу каби сабаблар билан чет элда. Лейтенант Гулчеҳра Сувонова, авваламбор, аёлларни одам савдоси қурбони бўлиб қолмаслиги учун тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказмоқда. Яқинда туман ҳокимлиги вакиллари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари ва кўпни кўрган онахонларни атрофига йиғиб, шундай аёллар билан видеосуҳбат ташкиллаштирди. Мулоқот чоғида ота-онанинг фарзандлар олдидаги бурч ва мажбуриятлари ҳақида гапирилди. Корхона ва ташкилотлар томонидан аёлларга бўш иш ўринлари таклиф этилди. Шунингдек, мигрант аёллар билан бўлган суҳбатда республикамизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчиси бўлмаган, эҳтиёжманд хотин-қизлар давлат муҳофазасида экани, имкон даражасида ўз юртига қайтиши лозимлиги айтилди.
Лейтенант Гулчеҳра Сувонова жорий йил бошида аёллар дафтарига киритилган 75 нафар хотин-қизнинг муаммоларини ўрганиб, айримларининг бандлигини таъминлаш, айримларига ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатишга катта ҳисса қўшди. Катта ҳаётий тажрибага эга онахонларни жалб қилиб, 5 та оилада соғлом муҳит таъминланишига эришди.
Маҳлиё ХОЛОВА, ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.