3 март 2023 893

Янгиланаётган Ўзбекистон

Биз яшаётган даврни бежизга ахборот технологиялари асри деб аташмайди. Боиси, интернет ва унда яратилган инновацион платформалар инсонларга ҳар сонияда бир-бири билан мулоқот қилиш, дунёда юз бераётган янгиликлардан ўша вақтнинг ўзида хабардор бўлиш имконини юзага келтирди. Мамлакатимизда ҳам ахборот технологиялари барча соҳаларга жадаллик билан кириб бормоқда.

Масалан, ўзим Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида таҳсил оламан. Шуни айтишим мумкинки, бугун талабаларнинг ҳаёти ва таълим олиш жараёни аввалгидан фарқ қилади. Ҳозирги вақтда улар рейтинг дафтарчасини кўтариб юришмайди, ўзларига тегишли маълумотнома ёки шартномасини олиш учун деканатга бориб овора бўлмайди. Барчаси ягона электрон тизимда жамланган.

Касбимдан келиб чиққан ҳолда шунга амин бўлдимки, амалиёт биз журналистлар учун жуда муҳим экан. Шу боисдан, ҳозирда ўқиш билан бирга, ИИВ Ахборот хизматида иш тажрибамни ошириб бормоқдаман ва бевосита мазкур тизимда ҳам катта ўзгаришлар юз бераётганига гувоҳ бўляпман.

Хусусан, ички ишлар органлари тизимида ҳам қоғозбозлик ва ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериляпти. Тизимда рақамлаштириш жараёни қизғин кечмоқда. Сўнгги йилларда республика бўйича ички ишлар органларида ташкил этилган янги ситуацион-таҳлилий марказлар, «102» автоматлашган тизимлар ва соҳада хизмат қилиш истагида бўлган номзодларни саралаш учун мўлжалланган «Е-nomzod» электрон тизимлари юқоридаги фикрларимнинг тасдиғидир.

Ситуацион-таҳлилий марказ биноси илғор ахборот технологиялари, серверлар ва кузатув экранларига эга. Марказ ички ишлар органларининг куч ва воситаларини ахборот технологиялари асосида бошқаришга ихтисослашган. Унда «102» тизими, видеокузатув камералари, интернет ва бошқа манбалардан келиб тушаётган маълумотлар автоматлашган тарзда йиғилади ва қайта ишланади. Бунинг учун бу ерда 554 терабайт хотирага эга 18 та сервер, катта ҳажмли кузатув экрани, замонавий компьютерлар мавжуд. Таъкидлаш жоизки, мазкур марказ бутун мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилади. Мисол учун, қоидабузарлик автотранспорт воситасининг давлат рақами ёки шахснинг юз қиёфаси орқали тезкор аниқланиб, қидирув ташкил этиш имкони мавжуд. Бундан ташқари, янги тизим сунъий интеллект ёрдамида ишлаши ва ушбу жараёнда инсон омилининг минимал даражада эканлиги таҳсинга лойиқдир.

Тизимда кузатилаётган рақамлаштириш сиёсати нафақат соҳа ходимларига, балки аҳолига ҳам маъқул бўлмоқда. Негаки, энди аввалги оворагарчиликларга чек қўйилди. Фуқаролар ҳам ишлари масофавий тарзда тез ва осон битаётганидан мамнун. Айниқса, ушбу жараён ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва ёш болали аёллар учун жуда катта қулайликлар яратмоқда.

Хуллас, бугун юртимиз тубдан янгиланмоқда. Бундай ўзгаришлар эса биз ёшларнинг шижоатимизни янада ошириб, жонажон Ватанимизнинг гуллаб яшнашига муносиб ҳисса қўшишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Шаҳзода ШУКУРУЛЛАЕВА, ИИВ Ахборот хизмати мухбири.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага