Ходимларнинг Зуҳра опаси
Зуҳранинг болалиги Гулистондаги маҳаллада ўтди. Отаси сутни қайта ишлаш заводида ишлар, кенжа қизини жуда яхши кўрарди. У болалигидан математика фанидан иқтидорли эканини намоён қилди. Бироқ ҳаммани ҳайрон қолдириб, ички ишлар органи ходими бўлиш орзусида яшай бошлади. Акаларидан бири йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишлар, хизматдан келганида, дарҳол унинг бош кийимини олиб, кийиб оларди.
1983 йили мактабни битиргач, Янгиер шаҳридаги қурилиш техникумининг бухгалтерия факультетига ўқишга кириб, у ерни имтиёзли диплом билан тугатгани қўл келиб, орадан бир ой ўтмай, вилоят Ички ишлар бошқармаси бухгалтерия бўлимига ишга қабул қилинди.
Устозлари — молия бўлими бошлиғи, полковник Ғанибек Йўлдошев, бош ҳисобчи, капитан Жўрабек Жалойировлар унга ғамхўрлик қилишди.
1989 йил Зуҳра Исоқуловага сержант унвонини беришди. Ниҳоят, у ҳам бир пайтлар орзу қилганидек, фуражкасини бошига қўндириб, уйга кириб келди. Отаси, онасини яна бир бор хурсанд қилди. Бу пайтда у аллақачон оилали эди. Турмуш ўртоғи билан икки нафар ўғилни тарбиялай бошлашган, оилавий ташвишларга ҳам улгуришга ҳаракат қиларди.
ИИВ Академиясига сиртдан ўқишга қабул қилинганида унинг ташвиши янада кўпайди. Уддабурон қиз ҳаммасига улгурди. Ҳаш-паш дегунча елкасида лейтенант унвонини англатувчи юлдузлар порлади. Лавозими ҳам ўзгарди. Сирдарё вилояти ИИБнинг Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси алоқа бўлимига ишга ўтди. Вилоятнинг барча ҳудудларидан ёнғин тўғрисидаги хабар биринчи шу ерга етиб келар, шундан кейингина ўт ўчириш бригадаларига буйруқ бериларди. Иш жуда ҳам қизғин эди. Лекин Зуҳра бу ерда узоқ қолмади. Уни яна молия бўлимига ишга қайтариб олишди. Сирдарё вилояти ИИБ Кўриқлаш бўлимида бош бухгалтер, вилоят ИИБ Назорат-тафтиш бўлимида тафтишчи лавозимларида ҳалол, ўз ишига садоқатли, ҳисоб-китобга уста эканлигини намоён этди.
Зуҳра Исоқулованинг обрўси, фаоллиги эътиборга олиниб, қўшимча равишда вилоят ИИБ хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифаси ҳам юкланди. Бу анчагина масъулиятли вазифа эди. Унинг ташаббуси билан кўплаб маданий, спорт тадбирлари,учрашувлар, давра суҳбатлари уюштирила бошланди. Кўплаб аёлларнинг оилавий аҳволи ўрганилди, айримларига кўмак берилиб, маънан қўллаб-қувватланди. Натижада кўплаб ходимларнинг Зуҳра опасига айланди. Шунинг ўзи энг катта мукофот эди. Ахир инсон учун элнинг эъзозида, эътирофида бўлишдан ортиқ бахт борми?!
Истеъфодаги майор Зуҳра Исоқулова ана шундай бахтга сазовор бўлган инсон. Ўғиллари ҳунарманд уста. Ўз бахтини топишган. Опа неваралари қуршовида шодон ҳаёт кечирмоқда. Шогирдлари, ҳамкасблари доим йўқлаб туришади. Энг муҳими, ҳаётини беҳуда сарфламагани, доим эл осойишталиги, тинчлиги йўлида ҳалол хизмат қилганидан фахрланади.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ, «Postda» мухбири.
Сирдарё вилояти.