28 декабрь 2021 4972

Халқаро тажриба. Ҳамкорлик истиқболлари

Бугунги кунда экологик муаммолар, соғлом турмуш тарзининг издан чиқиши оқибатида баъзи касалликлар кўпайиб бормоқда. Шундай касалликлардан бири веноз қон томир хасталикларидир. Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳам бу турдаги касалликлар кундан-кунга ўсиб бормоқда.

Бундай касалликларнинг олдини олиш, даволаш борасида ИИВ Марказий госпитали етакчи мутахассислари томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Веноз томирлар патологияларида энг замонавий усуллар кенг қўллаб келинмоқда. Ўтган йилнинг январь ойида ИИВ Марказий госпиталь етакчи шифокор-томирлар жарроҳи, профессор Б. Турсунов бошчилигида Ўзбекистон флебологлари ассоциацияси ташкил этилганди. Бутун дунё мамлакатларида пандемия шароити бўлганлиги сабабли, 2020 йилда 3 маротаба Ўзбекистон флебологлари учун онлайн конференция ўтказилган бўлса, жорий йилда ассоциация томонидан 2 маротаба онлайн конференция ташкил этилди.

2021 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон флебологлари ассоциациясининг I веноз форуми бўлиб ўтди. Анжуманда Англия, Беларус, Россия, Украина, Италия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Туркия, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 50 дан ортиқ олимлари иштирок этди. Анжуманнинг ялпи мажлиси икки кун давомида 8 босқичда ўтказилди.

Анжуманда иштирок этган флебологлар ва қон томир жарроҳлари мамлакатимизда веноз патологиясини даволаш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларига катта қизиқиш билдиришди.

Форумда Санкт-Петербург флебологлари жамияти президенти, профессор Е. Шайдаков фаол иштирок этиб, ўзбекистонлик ҳамкасблари томонидан амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Пировардида Ўзбекистон флебологлари жамияти ва Санкт-Петербург флебологлари жамияти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.

Санкт-Петербург флебологлари жамиятининг халқаро конференцияси талабномасига асосан, ИИВ Марказий госпитали ходимлари томонидан конференция ташкилий қўмитасига госпиталда олинган тажрибага асосланган илмий тезис жўнатилди ва у мутахассислар томонидан қабул қилинди. Жорий йилнинг 8-10 декабрь кунлари эса Россия Федерациясида Санкт-Петербург флебологларининг 14-форуми бўлиб ўтди. Унда ИИВ Марказий госпиталининг шифокор-жарроҳлари ўз маърузалари билан қатнашди.

Суръат ТEМИРОВ, ИИВ Марказий госпитали катта шифокор-томирлар жарроҳи, майор.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага