20 октябрь 2022 1242

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ҳамда ИИВ Интерпол ММБ фаолиятига юксак баҳо берилди

19 октябрь куни Бош Ассамблеянинг 90-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси делегацияси ва Интерпол Халқаро жиноят полицияси ташкилоти Бош котиби жаноб Юрген Шток ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Ташкилот Бош котиби Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва ММБ раҳбариятига Котибият вакилларини самимий кутиб олгани ва ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари йиғилишида кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. БК раҳбарияти Ўзбекистон Интерпол ММБнинг ташкилот имкониятларини кенгайтиришдаги профессионаллиги ва интилишини юқори баҳолади, шу билан бирга Интерпол имкониятларидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини маълум қилди.

Ушбу муҳим воқеа доирасида ICPO Интерполнинг мустақил органи – Интерпол файлларини назорат қилиш комиссияси раҳбарияти, кузатув ва маслаҳат палатаси раиси Тереза МакХенри хоним, раис ўринбосари жаноб Ҳамза Эс-Саид ва Халқаро маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқи бўйича эксперт Сюзи Алегре билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида Интерпол хабарномаларини чоп этиш билан боғлиқ устувор масалалар ва у ёки бу бюро маълумотларини Интерпол Бош котибияти маълумотлар базасида сақлашда юзага келадиган қийинчиликларга тўхталиб ўтилди. Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ўзбекистон томонидан сўралган маълумотлар ва Комиссияга юборилган тушунтиришлар бўйича барча зарур маълумотларни тақдим этдилар.

Бундан ташқари, Бош Ассамблеяда Интерпол президенти жаноб Аҳмад Носир ал-Раиси ва Бош котибиятнинг ўғирланган маданий бойликлар бўйича ноёб эксперти жаноб Гонсало Жордано билан учрашди. Йиғилишда ташкилот президенти Ўзбекистон бюроси фаолиятининг ўсиш тенденцияси, Интерпол маълумотлар базасини тўлдириш фаоллашаётгани ва хорижий ММБ ва Бош Котибият томонидан маълумотлар алмашинуви ўсиб бораётганини ҳамда Марказий Осиё минтақасида етакчи ўрин тутаётганини таъкидлади.

Ўғирланган маданий бойликлар бўйича эксперт жаноб Гонсало Жордано билан учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ваколатли вазирлик ва идоралари учун ноябрь ойи бошида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган тематик тренингнинг асосий ташкилий масалалари муҳокама қилинди.

Барча учрашув ва муҳокамалар дўстона ва конструктив муҳитда ўтди.

Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги ММБ

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага