Уни асраб-авайлаш зурур
Чирчиқ шаҳрида 164 мингга яқин турли миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилиб келади. Шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ходимлари зиммаларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, аҳоли ишончини қозониб келмоқда.
Шаҳарда яшовчи фуқаролардан 5872 нафарига ID-карталар берилган ва бу жараён изчиллик билан давом этмоқда. Шунингдек, ўтган даврда 6814 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилган бўлса, 7123 та фуқаро рўйхатга қўйилиб 329 нафари рўйхатдан чиқарилган.
— Юртдошларимиз орасида муҳим ҳужжатга эътибор бермай, унга совуққонлик билан муносабатда бўлаётганлари ҳам учраб туради, — дейди Чирчиқ шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи, майор Азизхон Хўжаев. — Масалан, жорий йилнинг 9 ойида ўтказилган «Тозалаш-Антитеррор», «Хавфсиз ҳудуд» ва «Паспорт-виза» профилактик тадбирлари давомида 664 киши паспорт тизими қоидаларини бузгани аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Бундан ташқари, бошқа давлатлардан келиб, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномалари билан яшаётган ва унинг амал қилиш муддатини ўтказиб юборган 43 нафар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга ҳам маъмурий баённомалар тузилиб, белгиланган миқдорда жарима ундирилган.
Шаҳар ҳудудида муддати ўтган паспорт ва яшаш гувоҳномалари билан яшаётган фуқаролар рўйхатлари ҳудудий профилактика инспекторларига такдим этилган ҳамда огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, улар томонидан бу муҳим ҳужжатга панжа орасидан қараётган фуқароларнинг борлиги афсусланарли ҳол. Шунинг учун ҳам бўлинма ходимлари жойларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларида бу каби ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ўтказилаётган профилактик тадбирларда муҳим ҳужжатдан фойдаланиш тартиб-қоидалари, уни асраб-авайлаш зарурлиги тушунтирилмоқда.
Шерзод АБДУСАМАДОВ, «Postda» мухбири.
Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.