2 февраль 2023 449

Умумий нархи 600 миллион сўмдан ошиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олинди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТҚД ЖҚХ Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан 2022 йилнинг декабрь ойида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида туғилган, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида яшовчи «Умид» исмли шахс Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний тарқатиш билан шуғулланиб келаётганлиги тўғрисида тезкор маълумот олинган.

Ушбу маълумотларга асосан тезкор тадбир ўтказилиб, натижада 2023 йил 26 январь куни 2002 йилда туғилган талаба йигит ва 1998 ва 1995 йилларда туғилган талаба йигитнинг жиноий шериклари «Ласетти-2» русумли автомашинада Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчасига келиб, 3 500 АҚШ доллари эвазига 3 000 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган вақтларида Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари билан ҳамкорликда ушланди. 

Шунингдек, тезкор-қидирув тадбири давомида, ушланган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзларининг автомашинасида етиб келган 1993 ва 1991 йилларда туғилган икки нафар шахс яъни гумонланувчиларнинг шериклари хам тезкор гуруҳ томонидан ушланди.

Тадбир давом эттирилиб, Наманган вилоятидан дори воситаларини олиб келишни ташкиллаштирган гумонланувчининг вақтинча яшаб келаётган Чилонзор туманидаги хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида хонадон ётоқхонасида 12 000 дона «Зардекс» ва 1 108 дона «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушланган 5 нафар шахсдан «қора бозор»даги умумий нархи 649 миллион 440 минг сўмлик жами 16 108 дона «Зардекс» ва «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди. 

Дастлабки суриштирув ишлари давомида, дори воситаларини Тошкент шаҳрига олиб келиб берган фуқаронинг шахси аниқланиб, ҳозирда тезкор-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

ИИВ Тезкор қидирув департаменти

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага