Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида навбатдаги маърифий тадбирда «Энг яхши профилактика инспектори» кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
Ички ишлар органларида шахсий таркибни маънавий-ахлоқий тарбиялашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мазкур фаолият соҳа ходимларининг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий-интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида «Ватан байроғини ғурур билан кўтарамиз» мавзусида маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги академияси магистратурасининг юридик фанлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент подполковник Умид Қодиров шахсий таркиб олдида маъруза қилди.
Унинг айтишича, истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи нафақат юртимизда, балки унинг чегараларидан ташқарида ҳам ҳақли равишда ҳурмат қозонган.
Мустақил Ўзбекистон байроғи 1992 йил 2 мартдан бошлаб БМТ қароргоҳи олдида, мамлакатимиз аъзоси бўлган нуфузли халқаро ташкилотлар, хориждаги дипломатик ваколатхоналар байроқлари устунларида тинчлик ва осойишталик тимсоли бўлган юзлаб байроқлар қаторида ҳилпирамоқда.
Тадбир давомида «Энг яхши профилактика инспектори» республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Барча тест синовлари натижаларига кўра энг яхши профилактика инспектори Яккасарой тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Ҳошимхўжа Усмонов деб топилди.
Иккинчи ўринни Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ профилактика инспектори, капитан Жамшидбек Хасанов, учинчи ўринни эса Юнусобод тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика катта инспектори подполковник Фарҳод Холиқулов қўлга киритди.
Йиғилганларнинг олқишлари остида ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати