23 октябрь 2022 784

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан “Сиз ҳимоядасиз” шиори остида маданий тадбир ўтказилди

Тошкент шаҳар ИИББ ташаббуси билан ташкил этилган тадбир "Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш ва  жамоатчилик назоратини ўрнатиш" мавзусида олиб борилди.  Тантанали тадбирни  Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, сўз Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Aзиз Ташпулатовга берилди ва у ўз нутқида, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Бош бошқарма Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан пойтахтимиз маҳаллаларида олиб борилган ўрганишлар бўйича ҳисобот берилди. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар, оилада тазйиқ ва зўравонликка учраётган хотин-қизлар, ҳаётда адашиб жиноят йўлига кириб қолган ҳамда пробация рўйхатида турувчи аёллар билан олиб борилган ишларнинг 9 ойлик ҳисоботи берилди. Ёрдамга муҳтож аёллар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари”га киритилиб, моддий, маънавий ва психологик ёрдамлар берилаётганлиги, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ҳамкор ташкилотлар билан ўрганилиб, муаммоларини бартараф этиш йўли билан яраштириш яраштириш чоралари кўрилаётганлиги таъкидланди.

Олинган статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри миқёсида турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан жабр кўрган хотин–қизларга 2966 та ҳимоя ордерлари берилди. Шу билан бирга ажрим ёқасига келиб қолган 1308 та оилалар яраштирилди.

Тадбир давоми сўз фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермухамедовага берилди ва у иштирокчиларни 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни билан табриклади ҳамда йиғилиш қатнашчиларини илиқ сўзлар билан қўллаб-қувватлади.

Тадбир якунида, фаол Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари ва маҳалла фаоллари эсдалик совғалари билан тақдирландилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга маиший техника олиш учун сертификатлар топширилди. Сўнгра Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага