8 март 2023 278

Томошабин бўлмайлик

Жорий йилнинг 28 январь куни соат тахминан 20:00ларда Хатирчи тумани «Коризараб» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.М «Сарой» маҳалласида яшовчи таниши М.Х. билан рашк туфайли жанжаллашиб қолади. Жаҳлдан кўзи қонга тўлган С.М. аёлнинг елка ва кўкрак соҳасига бир неча марта пичоқ урган. Оғир тан жароҳати олган М.Х. қариндошлари томонидан касалхонага олиб борилди, аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Фуқаро М.Х. қўлга олиниб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу жиноят вилоят ИИБ раҳбари бошчилигида «Коризараб» маҳалла фуқаролар йиғинида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Меҳр-оқибатнинг йўқолиб бораётганлиги афсус билан таъкидланиб, кўпчиликнинг лоқайдларча яшашга ўрганиб қолганлиги, миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган ҳодисаларга томошабин бўлиб туришлари кескин қораланди. Ҳар қандай вазиятда ҳам аёлга тазйиқ ўтказиш ёхуд тан жароҳати етказиш эркакнинг шаънига иснод эканлиги қайта-қайта айтилди.

Ҳа, жиноятга жазо муқаррар. Энди айбдорнинг 4 нафар фарзанди маълум муддат отасиз улғайиши аниқ. Бундан муҳокамада иштирок этган фуқаролар ўзи учун тегишли хулоса чиқаради, деб ўйлаймиз. Маҳалланинг кўпни кўрган кексалари бу борада ёшларга панд-насиҳат қилишса, айни муддао бўларди.

Маҳлиё ХОЛОВА, «Postda» мухбири.

Навоий вилояти.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага