Тожикистон Республикаси ИИВ делегацияси Вазирлик Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментига ташриф буюришди
Жорий йилнинг 19 июль куни Тожикистон Республикаси ИИВ Милиция фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича миллий координатори, милиция полковниги Валихон Хамдамзода бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ситуацион-таҳлилий маркази ҳамда Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментига ташриф буюриб, департамент фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида, делегация аъзоларига Ситуацион-таҳлилий марказ фаолияти яъни ҳозирги кунда замонавий технологиялардан ва инновацион дастурлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш, юртимизга ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий фуқаролардан иборат меҳмонларнинг хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш ва бошқа амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди ва ушбу технологияларнинг иш фаолияти амалда кўрсатилди.
Шунингдек, делегация аъзолари ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти фаолияти ва ходимлар учун яратилган шароитлар, жумладан, хизмат хоналари, маиший хизмат кўрсатиш хоналари, электрон ўқ отиш, руҳий енгиллаштириш, замонавий ўқув-амалий машғулотлар ва конференция хоналари билан яқиндан танишдилар.
Ташриф сўнгида В.Хамдамзода ушбу ташрифдан мамнунлиги, ўзи ва делегация аъзолари кўплаб ижобий таассуротлар олганликларини изҳор этди.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти