21 ноябрь 2022 341

Тантиқликнинг интиҳоси

Садир (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзига тўқ оилада катта бўлди. Отасининг кичик дўкони бўлиб, харидорларнинг кети узилмасди. Шунга яраша, даромади ҳам ёмон эмасди.

Ота-онаси уни ҳаддан ортиқ эркалатиб юборишди. Оғзидан чиққанини муҳайё қилишарди. Шундай бўлганидан кейин ким ҳам талтаймайди. Бошида фанларни ўзлаштириши яхши эди. Лекин ҳисоб-китобни билиб олгач, дўкон ишига жалб қилган ота-онаси унинг ўқиши билан қизиқмай қўйишди. «Ахир савдо-сотиқни ўрганиб олди – бўлдида», дейишди.

Тенгдошлари мактабни битириб, катта орзулар билан олий ўқув юртларига йўл олишганида, аввалига уларга бироз ҳаваси келди. Кейин эса «Э-э-э, яна ўқишми? Ота-онам бор, пулим бор – нима ғамим бор?» деб ўзига таскин берди. Кўчадан орттирган ошна-оғайнилари билан маишат қилиб юраверди. Аммо бу дунёда ҳеч кимни боғлаб қўймаган экан. Отаси тўсатдан оғир хасталикка чалиниб, вафот этди. Пул қўлнинг кири экан. Дўконининг ҳам иши юришмай қолди. Натижада даромади камайиб кетди. Албатта, тижорат қилиш учун ҳам билим керакда! Қўни-қўшни, маҳалла- кўй доим маст-аласт бўлиб юрадиган Садирнинг хурмача қилиқларидан безор бўлди. Охири онаси «Унинг бошини иккита қилсам қуйилиб қолар», деб уйлантириб қўйди. Орадан йиллар ўтиб, кетма-кет икки фарзандли бўлди. Савдоси касодга учради. Аммо тайинли ишнинг бошини тутмади. Аввалига майда безорилик, кейин эса оғир жиноятлар содир этиб қамалиб кетди. Оилавий шароити ҳисобга олиниб, 4 йилдан сўнг афв этилиб, озодликка чиқди.

Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Бўйни меҳнатга ёр бермади.

Энди ўзини кўп маош тўланадиган ишга киргандай кўрсатиб, одамларнинг ҳавасини келтирди. Ишга кирмоқчи бўлганлар ундан йўл-йўриқ сўраганида, ёрдам беришини, фақат 2 миллион сўм «харажати» борлигини айтди.

Бир ой ичида 4 кишидан 2 миллион сўмдан олиб, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди. Уларни нақ 6 ой «Ишингиз ҳужжатлаштириш жараёнида, яқин кунларда яхши янгилик бўлади», дея умидвор қилиб келди. Кутавериб тоқати тоқ бўлган жабрланувчилар охири алданганини билиб, ички ишлар органига мурожаат қилдилар.

Дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, иши судга оширилди. У Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан айбланаётган  эди. Суд жараёнида Садир ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмади. Гувоҳларнинг ҳамда жабрланувчиларнинг сўзларидан кейин «Улардан қарзга пул олганман, ишга киритаман деб ваъда бермаганман», дея ўзини оқлашга уринди. 

Аммо барча далиллар унга қарши эди. Садирга якуний суд ҳукмига кўра, узил-кесил 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бежиз буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» демаган.

Садирнинг шўрлик онаси фарзандига тарбия беришда хато қилганини тушуниб, икки  набираси отаси тирик бўла туриб етимлардек улғайишидан қайғуга ботиб, суд залини тарк этган бўлса ажабмас...

Алишер Сайдуллаев, жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси.

Маҳлиё Холова, «Postda» мухбири. Навоий вилояти.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага