12 май 2022 740

Шифокорлар Зоминда тажриба алмашишди

ИИО ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари саломатлигини сақлаш бевосита ИИВ тиббиёт бошқармаси тасарруфидаги даволаш профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади. Ҳозирда ушбу муассасаларни замонавий ускуналар билан таъминлаш, шифокорларнинг билим ва малакасини янада оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ўз навбатида касалликларга ташхис қўйиш, даволаш жараёнидаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш, шифокорларнинг ўзаро тажриба алмашишларида муҳим ўрин тутади. ИИВ томонидан «Зомин» соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган илмий-амалий конференциянинг мақсади ҳам айни масалага қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Анжуманда ИИВ тиббиёт бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасалари кардиолог ва невролог шифокорлари қатнашишди.

Тадбир аввалида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, ИИВ тиббиёт бошқармаси бошлиғи, подполковник Шуҳрат Нишоновлар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган ислоҳотлар, ИИО тиббиёт муассасаларида зарур қулайликларни яратиш ва даволаш ишларини янада жонлантириш чоралари ҳақида сўз юритишди.

Бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида мия тўқимасининг шикастланишига инсульт дейилади. Унинг геморрагик ва ишемик турлари мавжуд бўлиб, геморрагик инсультда бош мия тўқимасига қон қўйилади. Ишемик инсультда эса бош мияни озуқа билан таъминловчи асосий қон томирлари беркилишга учрайди. Конференцияда қайд этилишича, насл сурувчи салбий ирцият, чекиш ёки алкоголь истеъмоли, қандли диабет, миокард инфаркти, бош мия қон айланишининг сурункали бузилиши белгилари, тез-тез асабийлашиш каби бир қанча омиллар инсульт ривожланиши хавфини оширади. «Инсультни эрта аниқлаш ва даволаш тактикаси» мавзусидаги маърузада ушбу касалликни даволашда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳамда касаллик белгилари, аломатлари, хуружда биринчи ёрдам, амалиётда учраётган мавжуд муаммолар ва жаҳон тажрибасида қўлланилаётган даволаш усуллари тушунтирилди.

Маълум бўлишича, юрак-қон касалликлари кейинги 20-25 йил ичида анча кўпайган. Бугунги кунда дунёда ҳар 32 сонияда айнан юрак қон-томир касалликларидан 1 та ўлим қайд этилиши шифокорларни ташвишга солмоқда. Кардиолог ва невролог шифокорларнинг конференциясида юрак-қон касалликлари орасида тўсатдан рўй берадиган энг оғир ва хавфлиси ҳисобланган миокард инфаркти, уни даволаш масаласи хусусида ҳам маъруза тингланди. Нотиқ республикамиздаги жорий ҳолат статистикаси, касаллик билан оғриганларнинг ёш таснифи, шунингдек даволашдаги илғор тажрибаларни маълум қилди. Бундан ташқари, коронавирус пандемиясидан кейинги муаммоли касалликларни ўрганиш, даволаш, тиббиёт ходимларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.

Анжуманда инсон танасидаги, хусусан бел, қўл ва оёқ ҳамда неврологик оғриқларга ташхис қўйиш ва даволаш, бемордаги тушкунлик, хавотирли депрессия, бетоқатлик кузатилганда психиатр билан ҳамкорлик қилиш кераклиги айтилди. Ҳар бир мавзу бўйича эркин суҳбатлар уюштирилиб, амалиётда учраётган ҳолатлар муҳокама қилинди. Шунингдек, бу каби тадбирларни доимий ташкиллаштириш режалаштирилди.

Конференция давомида ИИВ маданият саройи ашула ва рақс ансамбли томонидан хайрия концерт дастури уюштирилди. Қисқаси тиббиёт ходимлари ўзаро тажриба алмашиш баробарида маданий ҳордиқ чиқариш имконига ҳам эга бўлишди.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага