Қозоғистондан 8 нафар вояга етмаган ўзбекистонликлар қайтариб олиб келинди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҲПББ ташаббуси билан Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида қўшни Қозоғистон Республикасида ота-оналари Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган фуқароларнинг назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаган фарзандларини Ватанга қайтариб олиб келиш учун Ички ишлар вазири фармойишига асосан тизимдан тажрибали ходимлар ажратилди.
Мазкур тадбир талабларига кўра ҳақиқатан ҳам болаларнинг ота-оналари рўйхатда турган ҳудуд фуқароси эканликларига аниқлик киритилиб, болаларнинг келгусидаги тақдирларида сезиларли ўрин тутувчи расмий ҳужжатлар билан таъминланишларида, қолаверса, уларга ижтимоий–ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, соғлиқларига ғамхўрлик қилиш ва таълим–тарбия жараёнларини давом эттиришда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси томонидан берилган «Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома» асосида 8 нафар вояга етмаган ўғил-қизлар Ўзбекистон Республикасига олиб келинди ва шу билан бир қаторда уларни келажакдаги тақдирларини қонуний таъминланиши назарда тутилиб, ҳудудий тааллуқлилиги бўйича ота-оналари рўйхатда турган минтақавий ҳудудлардаги Вояга етмаганларга ижтимоий–ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига етказилди ва ўзаро амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режалаштирилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси Ахборот хизмати