Қўқон шаҳрининг “Бўстон” маҳалласида вояга этмаганлар томонидан содир этилган оғир турдаги жиноят вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда шаҳар фаоллари иштирокида муҳокама қилинди
Ҳуқуқ-тартибот органлари мутасадди раҳбарлари, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи, ёшлар ишлари агентлиги масъуллари, Қўқон шаҳар ҳокими, шаҳар фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев сўзга чиқиб, вояга этмаганлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилиб берди.
Таъкидланганидек, айрим ёшлар оиладаги тарбиянинг етарли эмаслиги, атрофдаги эътиборсизлик ва назоратсизлик ортидан пичоқ ва бошқа совуқ қуроллар кўтариб юришни одат қилишган.
Бўстон маҳалласида содир этилган тан жароҳати этказиш билан боғлиқ жиноятга ҳам ана шундай лоқайдлик сабаб бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 28-февраль куни Бўстон маҳалласи Алишер Навоий мавзесидаги 27-уй олдида шу шаҳарда яшовчи 2007- ва 2008-йилда туғилган икки нафар ўспиринлар ўртасида ўзаро тортишув ва жанжал юз беради.
Жанжал давомида вояга этмаганлардан бири ёнида бўлган пичоқ билан иккинчисига тан жароҳати этказган. Натижада тан жароҳати олган йигит шаҳардаги шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб бориб, ётқизилган.
Бошқарма бошлиғи ушбу жиноятнинг содир этилишига ҳудуд профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчилари ҳамда мутасадди раҳбарларнинг лоқайдлиги сабаб бўлганини таъкидлаб, келгусида бундай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни
белгилаб берди.
Хусусан, ёшлар ўртасида назоратни янада кучайтириш, нуронийлар ва мутасадди раҳбарлар иштирокида таълим муассасаларида, маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот ва тарбиявий ишларни олиб бориш, ҳудудга замонавий видео кузатув мосламаларини ўрнатиш лозимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, йиғилишда Қўқон шаҳар ҳокими ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.
Йиғилиш якунида келгусида оғир турдаги жиноятлар содир этилишига йўл қўйган, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олмаган мутасадди раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Ички ишлар органлари, маҳалла фаоллари ҳамда таълим соҳаси вакиллари ўртасида ҳамкорликда бажариладиган ишлар келишиб олинди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати