Қалбаки купюраларни тайёрлаб ярим баҳосида сотаётган шахслар ИИБ ходимлари томонидан ушланди
Ангрен шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, 1976 й.т. фуқаро 1.500.000 сўм қалбаки пулларни 400 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор суриштирувлар давомида, бир бирига уланиб кетган мазкур «жиноят занжири» узилиб, ишга алоқадор бўлган яна 4 нафар (29-47 ёшли) шахслар процессуал тартибда қўлга олинди.
Улардан яна, қиймати 1.500.000 сўмга тенг бўлган қалбаки 100 минг сўмлик купюралар ва рангли принтер далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Аниқланишича, ушбу шахслар томонидан, аввалроқ ҳам 5.000.000 сўмга тенг бўлган қалбаки пул купюралари чоп этилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати