29 август 2022 335

Қалб ҳарорати ва меҳнат саодати

Гулчеҳра кўпинча отаси - тиббиёт фанлари номзоди Аҳрол Раҳматуллаевнинг мўъжазгина хонасида кунни тунга улаб илмий изланишлар олиб боришини кузатарди. Отасининг ёзганлари тиббиёт ҳақида эканлигини тушуна бошлаганда эса анча улғайиб, қалбида шу соҳага меҳр уйғонганди. Буни пайқаган онаси Нафиса опа унинг чуқур билим олиши учун барча шароитларни муҳайё қилди.

Чунки унинг ўзи ҳам шифокор эди. Бу соҳани осон эгаллаб бўлмаслигини яхши биларди. Гулчеҳра ўқувчилик кезларидаёқ Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтига кичик тиббий ходим бўлиб ишга кирди. Чунки ўша вақтда тиббиёт йўналиши бўйича олий таълим олишни хоҳлаганлардан икки йиллик тиббий фаолият талаб қилинарди.

Мактабдаги дарсларим тугагач, ишга шошардим, - дейди қаҳрамонимиз. - Фикру хаёлим ўқиш ва тиббий жараёнларни кузатиш ҳамда ўрганишда эди.

Икки йил мобайнида ҳам ишладим, ҳам ўқиб тайёрландим. 11 -синфни тамомлаб, ҳозирги Тошкент Тиббиёт академиясига ҳужжат топширдим.

Афсуски, ўша йили омадим келмади, ўқишга кира олмадим. Бироқ тушкунликка тушмадим, умидимни узмадим. Тиббиёт техникумининг кечки бўлимида таҳсил олиб, Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида ҳамшира бўлиб ишлай бошладим.

Орадан вақт ўтиб, ўқиш, иш билан бирга, Тиббиёт академиясига ҳам имтиҳон топшириб, талаба бўлдим. Энди бир вақтнинг ўзида икки таълим даргоҳида ўқий бошлагандим. Ярим йил ўтиб, техникумни қизил диплом билан тугатдим. Тиббиёт, инсонлар саломатлигини сақлашдек эзгу мақсад тобора ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб борарди.

Турмуш ўртоғи Шавкат Тошхўжаев аёлининг тиббиёт соҳасида таълимни давом эттиришига кўмакдош бўлади. Айниқса, қайнонаси Ҳанифа ая шу тизим вакили бўлгани боис, уни соҳага оид билимларни мукаммал ўрганишга, танлаган касбининг моҳир устаси бўлишга ундайди. Набиралари Нилуфар ва Фарҳоджонни кўз қорачиғидек авайлайди. Бугун Нилуфар - рассом, Фарҳоджон Тошкент ахборот технологиялари университети 4-босқич талабаси.

Г. Раҳматуллаева бугун ИИВ Марказий госпитали лаборатория бўлинмаси бошлиғи, подполковник.

Лабораториямизда узлуксиз йигирма тўрт соат мобайнида иш давом этади, - дейди қаҳрамонимиз. - Ҳар бир шифокор беморга тўғри ташхис қўйишда унинг таҳлилларига алоҳида эътибор қаратади.

Таҳлилларнинг қанчалик тўғри бўлиши эса бизнинг аниқ текширувларимизга боғлиқ. Демак, хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Чунки бу бир инсоннинг саломатлиги, тақдири, ҳаётига тегишлидир.

Ҳозирги кунда госпиталь лабораторияси замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Улар ёрдамида тезкор, аниқ натижалар олиниши, янги текшириш усулларининг жорий этилиши беморларни даволашда ўз самарасини бермоқда.

Бўлинма фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ходимлар ўртасида доимий равишда маъруза ва семинарлар ўтказиб турилади. Госпиталнинг ўрта тиббиёт ходимларини янги текширув усуллари билан таништириш мақсадида шифокор - лаборантлар томонидан маърузалар ўқиб эшиттирилади.

ИИВ Марказий госпитали лабораториясида Гулчеҳра Раҳматуллаева бошчилигида Феруза Эгамназарова, Наргиза Юнусова, Манзура Мўминова, НазокатТиллаева, Севинч Даминова ва Ёқут Жўраева сингари шифокор-лаборантлар керакли таҳлилларни ўз вақтида сифатли амалга ошириб келишмоқда.

Ҳар кунини хизматга садоқати, оилавий бахти билан умр аталмиш китобнинг нурли бир саҳифасига айлантиришдек эзгу мақсад билан тинмай меҳнат қилган қаҳрамонимизнинг сўзларини тинглар эканмиз, унинг тимсолида жонкуяр ўзбек аёлларининг фидокорона қиёфасини кўрдик.

Унинг қалб ҳарорати ва меҳнат саодати билан кунлари бир-биридан ёруғроқ, файзлироқдир.

Гулноза Турғунбоева, «Postda» мухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага