Муҳими тарбиялаш, жазолаш эмас
Урганч тумани ИИБ Пробация гуруҳи ходимлари озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукми қилинган шахсларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ва ажримлари ижросини таъминлаш борасида самарали ишларни амалга оширишмоқда.
Бу жараёнда назоратдаги шахсларнинг яшаш манзилида ва иш жойларида мунтазам бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳкумлар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга қонун ва меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этмасликнинг оқибатлари тушунтириляпти.
— Ҳозирда пробация гуруҳи ҳисобида турган 361 нафар маҳкумнинг барчаси белгиланган жазоларни ўтаб келмоқда, дейди туман ИИБ Пробация гуруҳи катта инспектори, капитан Эргашбой Ортиқов. Шундан 104 нафари ахлоқ тузатиш ишларига, 91 нафари озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. 97 нафар маҳкум жазо ўташ даврида тузалиш йўлига киргани учун муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинди.
Жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган маҳкумларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Шу боис, ўтган йили 20 нафар маҳкумнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турига алмаштирилди. Шунингдек, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қидирувдаги 2 нафар маҳкум қўлга олиниб, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилди.
Масалан, урганчлик Д. П. суд томонидан тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб, яшаш манзилини тарк этгани аниқланди. Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида унга нисбатан қидирув эълон қилинди. Олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида бу кимса хорижда юргани ойдинлашди ва у қўлга олиниб, юртимизга олиб келинди.
Ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда маҳкумларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларга амалий ёрдам бериш, бандлигини таъминлаш, улар томонидан такроран жиноят содир этилишининг барвақт олдини олиш асосий вазифа этиб белгилаб олинган. Муҳими, назорат остидаги шахсларни жамиятимизнинг фаол аъзолари сафида бўлишини таъминлаш борасидаги ишлар самарали давом этмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ, «Postda» мухбири.
Хоразм вилояти.