Муғомбир телефон шайдоси ушланди
Қарши тумани “Қовчин” МФЙда яшовчи Ф.Панжиев жорий йил 7 август куни бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинаси билан Қарши шаҳри бўйлаб кетаётганда бир йўловчи тўхташ ишорасини кўрсатади. Йўловчи Қарши шаҳридаги “Умида” чойхонасидан темир йўл шоҳбекати атрофига боришини айтиб, автомашинага ўтиради. Манзилга келган вақтда йўловчи телефон қилиб олиш баҳонасида ҳайдовчининг “Samsung A10» русумли қўл телефонини олиб, автомашинадан тушиб, номаълум томонга қочиб кетади. Вазият бундай тус олишини билмаган ҳайдовчи 102 хизматига қўнғироқ қилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида телефон талончиси қўлга олинди. У Қарши шаҳар “Қарши” МФЙда яшовчи, 2000 йилда туғилган Муҳриддин эканлиги аниқланиб, ундан “Samsung A10» русумли уяли телефон аппарати ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати