5 март 2023 302

Лоқайдлик келтирган фожиа

Ҳеч бир жиноят сабабсиз юзага келмайди. Шунинг учун жиноят содир этилганидан сўнг пушаймон чекишдан кўра, унинг олдини олиш, тегишли чора-тадбирларни ўз вақтида кўриш афзалроқ.

Қўштепа туманидаги «Қийқи» маҳалласида содир бўлган қотиллик жинояти ҳам бугун кўпчиликни пушаймонлик гирдобига ботирмоқда. Аммо афсуслардан энди фойда йўқ.

Шу маҳаллада яшовчи руҳий хаста фуқаро касалликнинг қўзғаши оқибатида тажовузкорга айланиб, қўшнисининг уйига бостириб киради ва унга шикаст етказишга уринади. Қўшни қўрқиб, кўчага қочади. Унинг ортидан қувлаб чиққан йигит эса йўлда ўз отасига рўбарў келади. Ота ўғлини тинчлантиришга уринади. Бироқ жазавага тушган хаста ўғил қўлидаги ғишт бўлаги билан отасини уриб, оғир тан жароҳати етказади. Натижада ота ҳаёт билан видолашади.

Маҳаллада сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, кенг жамоатчилик иштирокида ушбу жиноят муҳокама қилинди. Маҳаллада фаолият кўрсатаётган раис, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторидан иборат бешлик аъзолари ҳамда тиббиёт ходимлари ўртасида ҳамкорлик тўғри ташкил этилмагани қаттиқ танқид остига олинди. Улар қишлоқ шифокорлик пунктидаги патронажлар билан биргаликда «хонадонбай», «фуқаробай» усулда иш ташкил қилиб, руҳий касал, ичкиликка ружу қўйган ва жиноят содир этишга мойил шахсларни олдиндан аниқлаши, тезкор таъсир чораларини кўриши зарур эди.

Муҳокамада вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари, маҳалла фаолларининг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.

Келгусида бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун патронаж ҳамширалари маҳалладаги бешлик аъзолари билан узвий ҳамкорликда ишлаши кераклиги таъкидланди.

Абдувосит СИДИҚОВ, «Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага