Китоб ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий ва касбий билимларини оширувчи буюк кучдир
Бугунги кунда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу орқали маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир.
Ички ишлар органларида ҳам китобхонлик ҳамда касбий билимларини ошириш, мутолаа маданиятини ривожлантириш борасидаги ишлар вазирлик раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиб келинмоқда.
Мазкур соҳадаги ишларни самарали ташкил этиш, хусусан ички ишлар органлари ходимлари ўртасида маънавий-маърифий ва касбий билимларни янада юксалтириш, ходимларнинг китобхонлик бўйича билимини оширишга қаратилган Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Олмалиқ ўқув базасида жорий этилган махсус ўқув курси тингловчиларининг ёзувчи Шеркон Қодирий билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув «Тоҳир Малик замондошлар хотирасида» китобининг тақдимотига бағишланди.
Учрашув аввалида Шеркон Қодирий бобоси Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида тингловчиларга жуда қизиқарли маълумотлар берди. Сўнгра Тоҳир Малик ижоди ва ҳаёти билан боғлиқ ўзларининг хотираларини, шунингдек, «Тоҳир Малик замондошлар хотирасида» китобининг яратилиши ҳақида гапирди.
Ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Ҳасан Абдураззоқов ИИВ Академиясида хизмати давомида ёзувчи Тоҳир Малик билан бирга бўлган мулоқотларини эслар экан, ундан бой ва бетакрор ижодий мерос қолганлигини, унинг Ватанимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғулари маҳорат билан тараннум этилган бадиий асарлари, киносценарийлари, долзарб мавзулардаги публицистик мақолалари эл-юртимиз қалбидан чуқур жой олганлигини эътироф этди. Меҳмонлар ўқув курси учун Тоҳир Маликнинг китобларидан совғалар қилдилар.
Учрашув тингловчиларнинг китобга бўлган меҳрини оширишга ҳисса қўшаётгани билан муҳим аҳамиятга касб этди.
Тингловчиларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, китобхонликни ошириш ҳамда мутолаа маданиятини тарғиб қилишга қаратилган ушбу маънавий-маърифий тадбир иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.
Шундан сўнг тингловчилар “мутолаа вақтини” ўқув базасининг сўлим табиати қўйнида давом эттирдилар. Улар ўзлари севиб ўқиётган асарлари юзасидан ҳамкасбларига сўзлаб бердилар.
Дарҳақиқат, китобни мутолаа қилиш, асарларнинг мазмун-моҳияти замирига етиш инсонни теран фикрлашга ўргатиши шубҳасиздир.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати