Кибержиноятларга қарши курашиш давр талабидир
Куни кеча Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида киберхавфсизлик куни доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси масъул ходимлари томонидан давра суҳбати ташкил этилди.
Унда «Кибержиноятчиликка қарши курашиш – давр талаби» мавзуси муҳокама қилинди.
Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди. Давра суҳбати иштирокчиларига кибержиноятчиларнинг ҳийла-найрангларига қандай алданиб қолмаслик ҳақида маълумот берилди, шунингдек уларга ҳеч кимга банк карталарининг маълумотлари ва махфий кодларини бермаслик, қимор ўйинлари ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинларда қатнашмасликлари кераклиги тушунтирилди.
Якунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари йиғилганларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.
Шунингдек, пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан республика ИИВ Академияси курсантлари учун машғулотлар ўтказилди.
Машғулотлар давомида ходимлар тингловчиларга интернет таҳдидларининг асосий турлари, кибержиноятларнинг тез ривожланаётган янги шакллари ҳақида сўзлаб бердилар ва ўз иш амалиётидан аниқ мисоллар келтирдилар.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бўлган суҳбатда ўқувчилар тармоқда хавфсиз ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш масалаларини, шунингдек, замонавий кибержиноят турларининг хусусиятларини фаол муҳокама қилдилар.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати