Кексалик гашти бўлакча
Шундай инсонлар борки, фидойилиги, камтарлиги, тоза қалби, илм-зиёси билан дунёни ёритиб, қалбларга илиқлик бахш этади. ИИВ фахрийси, истеъфодаги полковник Раҳматжон Аҳмедов ҳам ана шундай инсонлардан бири.
У 1937 йил 25 сентябрда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Саврак қишлоғида хизматчи оиласида дунёга келади. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 1955 йилда Тошкент темирйўллар муҳандислари институтига ҳужжат топширади.
— Ён қўшним, ҳам энг яқин дўстим билан Тошкентга келдик. Институтга ҳужжат топширганимиздан сўнг унда ҳадик пайдо бўлди. «Дўстим, биз ўқишга кира олмаймиз, юр, уйга қайтайлик, армияга кетамиз», дея туриб олди. Яқин дўстимнинг гапини рад эта олмадим. Ҳужжатларни олгани борганимизда, ҳужжатларим аълочилар папкасида турган экан. Суҳбат асосида ўқишга киришим керак бўлган. Майли, насиб қилмаган экан. Сўнг Бухорога қайтдик ва 4 ой шофёрликда ўқидим. Кейин жамоа хўжалигида ишлай бошладим. Шу орада армияга кетадиган бўлиб қолдик.
Аммо тиббий текширувлар натижасида юракнинг чап томони катталашуви ташхиси қўйилиб, хизматга бора олмадим.
Сўнгра 1957 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (ҳозирги Аграр университет)га ҳужжат топширдим. Бир ойлик тайёрлов курсида ўқиб юрганимда, адабиёт фанидан иншо ёздик. Ўшанда устозим агроном эмас, журналист бўлишим кераклигини айтганди. Бизга агрономлик ҳам бўлади деб, қисқаси, шу институтни тугатдим, дейди қаҳрамонимиз.
Раҳматжон ака талабалик пайтида аммасининг уйида туриб ўқийди. Қўшни қиз Дилора Ҳасановага кўнгил қўяди. Ўқишни тамомлагач, унга уйланиб, оиласи билан Бухорога қайтишади. Қишлоқда жамоа хўжалигида бир неча йил агроном бўлиб ишлайди. Аммо нон-насибаси Тошкентга қўшилган экан, 1963 йилда яна оиласи билан пойтахтга қайтади.
У дастлабки хизмат фаолиятини 1964 йилда Тошкент шаҳар ИИБ Паспорт бўлимида инспекторликдан бошлаган. 1965 йилдан ИИБ Жиноят-қидирув бўлимида фаолиятини давом эттиради.1967-1971 йилларда эса ИИБ Шахсий таркиб бўйича махсус инспекциясида ишлайди.
Ёшликдан адабиёт ва санъат шайдоси эканлиги қўлига қалам олиб, Ватан, дўстлик, севги ҳақида шеърлар ёзишга ундади.
1970 йил 20 октябрда илк бор Ўзбекистон телевидениесида милиция органлари фаолиятига бағишлаб ташкил этилган «Тўлқинда 02» телекўрсатувида бошловчилик қилди. Бу кўрсатув кейинчалик «Жанговар постда» номи билан аталди.
Раҳматжон Аҳмедов 1973-1975 йиллар давомида Тошкент шаҳар ИИБ кадрлар бўлими бошлиғи, 1975 йилдан бошлаб ИИВ кадрлар бошқармасида инспектор, 1977-1983 йилларда эса ИИВ ШТБИХ бўлим бошлиғи лавозимларида ишлади. Унинг эл-юрт осойишталиги йўлидаги фаолиятининг асосий қисми Кадрлар билан ишлаш хизматида кечди. Хизмат даврида жуда кўп дўстлар орттирди. Кўлидан келганча инсонларга яхшилик қилишга, уларга ёрдам беришга, дардига дармон бўлишга ошиқарди.
Куну тун сидқидилдан меҳнат қилди. 1992 йили ИИВ Академиясида бошлиқнинг кадрлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.1998 йилда полковник унвонида иззат-икром билан пенсияга кузатилади.
Турмуш ўртоғи марҳума Дилора Ҳасанова ҳам 27 йил Тошкент шаҳар Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) тумани ИИБ Вояга етмаганлар билан ишлаш инспекциясида хизмат қилиб, оддий инспекторликдан бошлиқ даражасигача бўлган йўлни босиб ўтган эди.
Фарзандлари ҳам ота изидан боришди. Ўғли Шуҳрат Аҳмедов подполковник унвони билан, қизи Гулнора эса ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан майор унвони билан пенсияга чиқишди.
Айни пайтда қаҳрамонимиз набиралар қуршовида кексалик гаштини сурмоқда.
Мадина ҚАҲҲОРОВА, «Postda» мухбири