Канистерапия ёхуд “итлар ёрдамида даволаш” усули
Самарқандда ҳар йили ақлий имконияти чекланган шахслар, жумладан, болаларни бирлаштирадиган махсус олимпиада бўлиб ўтади.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмаси хизмат-қидирув итларини сақлаш питомниги кинологлари ушбу махсус олимпиада меҳмони бўлишди.
Тадбир доирасида хизмат итлари турли овозли ва имо-ишорали буйруқларни бажарди, қўлга олиш жараёнларини намойиш этиб, буюм орқали эгасини топишга ҳаракат қилди. Болалар жониворларнинг ҳаракатларини завқ-шавқ билан кузатишди.
Қизимда “Бинго”нинг ҳаракатлари яхши таассурот қолдирди ва бу ҳақда тўлиб-тошиб гапириб берди, — дейди Барно Тагиеванинг онаси ўз таассуротлари билан ўртоқлашаркан. — Мен хизмат ити билан мулоқот болага бу қадар фойдали бўлишини тасаввур қилмагандим.
Шу боис кинологларга ушбу хайрли ташаббус учун миннатдорлик билдираман.
Бу Даун синдроми бўлган болалар билан илк учрашувимиз, — дейди кинология хизмати кичик сержанти Жаҳонгир Шокиров. — Энди ҳар якшанба куни болалар хизмат итлари билан вақт ўтказиши мумкин.
Бу ўзига хос канистерапия, яъни, “итлар ёрдамида даволаш” дегани. Мазкур таъсир қилиш усули уй ҳайвони билан мулоқот қилиш, у билан ўйнашни бошлаган боланинг ривожланишида ёрдам берувчи ўзига хос усул ҳисобланади.
Мутахассисларнинг айтишича, канистерапия кўпинча ақлий ва ҳиссий қобилиятларни ривожлантиришга хизмат қиладиган, ҳаракат функциялари ва моторикани яхшилайдиган психотерапевтик усул сифатида қўлланилади.
Тўрт оёқли жониворлар билан мулоқот хавотир ва қўрқувни камайтиради, умумий мослашувчанликни оширади ва шу орқали аутизмни даволашга хизмат қилади.
Махсус олимпиада доирасидаги учрашув болаларга яна бир бор ижобий ҳислар бахш этиб, уларда итлар чиндан ҳам ғамхўрлик қилиш керак бўлган ёрдамчи ва дўст экани ҳақида тушунча ҳосил қилди.
Замира Болтаева, ўз мухбиримиз. Самарқанд вилояти.