Жоним фидо она юртимга
Ўғлим, мен бир пайтлар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ҳарбий қисмда хизмат қилганман, - деган эди ўзининг йигитлик бурчини ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Тошкент шаҳрида жойлашган 7534-ҳарбий қисмда ўтаётган Абдуҳамид Оллоёровни кўришга келган отаси Эшқувват Оллоёров. - Сен эса ўз Ватанингда хизмат қиляпсан.
Муддатли ҳарбий хизматни муваффақиятли тамомлаган бу йигит отасининг сўзлари таъсирида хизматни шартнома асосида давом эттиришга қарор қилди.
У дастлаб ушбу ҳарбий қисм назорат-чилар взводи назоратчиси этиб тайинланди. Хизматда учрайдиган қийинчилик ва муаммоларни сабот билан енгиб, тинимсиз изланди. Бу борада устози, ҳозирда истеъфодаги катта сержант Эркин Файзиевнинг хизматлари катта бўлди.
Бундай саъй-ҳаракатлар, албатта, ўзининг натижасини бермасдан қолмади. Абдуҳамид Оллоёров аввалига секция командири лавозимига лойиқ кўрилди.
Сўнгра эса назорат-ўтказиш жойи бошлиғи, бошқарув гуруҳи қоровул бошлиғи, назоратчилар взводи гуруҳ командири лавозимларида фаолият юритди.
Хизматни бошлаган йилларим ҳарбийларга бўлган эътибор ҳозиргидек юқори даражада эмасди, - дейди лавҳамиз қаҳрамони. - Аста-секинлик билан шарт-шароитлар яхшиланиб, ижтимоий ҳимоя кучайтирилди, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар янада мукаммаллаштирилди.
Эндиликда взвод командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича катта йўриқчиси лавозимида хизмат қилаётган кичик сержант Абдуҳамид Оллоёров шахсий таркибнинг бошқалар билан ноқонуний алоқага кирмаслигини таъминлаш, ҳарбий назоратчиларнинг жанговар тайёргарлигини оширишга алоҳида эътибор беради.
Бундан ташқари, ҳарбий қисмда ўтказилаётган турли спорт мусобақалари ва танловларда ҳам фаол қатнашиб, совриндорлар сафидан жой олмоқда. Сержант Турдиали Ҳамдамов, кичик сержантлар Умрзоқ Эргашев ва Иқбол Бекбоев уни ўзларига устоз деб билишади.
Абдуҳамид Оллоёров, мана, қарийб йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида она юртимиз осойишталиги йўлида фидойиларча хизмат қилиб келмоқда.
Кўксини «Oʼzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlariga 25 yil» эсдалик нишони ҳамда II даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишони безаб турибди.
Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Баҳригул Оллоёрова билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказмоқда. Тўнғич ўғли Жавоҳир ҳам ота изидан бориб, келажакда ҳарбий бўлмоқчи.
Михли Сафаров, «Postda» мухбири