7 сентябрь 2023 344

Жиноятни фош этишда муҳим тандем

Одатда жиноят содир этган шахс қилмишини яшириш мақсадида ашёвий далилларни йўқ қилиш, изларни йўқотишга уринади. Лекин қанчалик ҳаракат қилмасин, кинологлар ва уларнинг хизмат итлари ашёвий далилни топиб, жиноятни фош этишга муваффақ бўлишади.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ЖТСБ Кинология хизмати ходимлари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятларни фош этиш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида кинологлар хизмат итлари билан 246 марта жиноят жойига чиқиб,170 та жиноятни очишга эришдилар.

Жиноятларнинг 130 таси ўғирлик бўлса, 31 таси гиёҳвандлик моддалар сақлаш ва сотиш, 5 таси қотиллик, 1 таси босқинчилик ҳолатлари билан боғлиқдир.

Жорий йилнинг июнь ойида Чимбой тумани “Қизилўзак” овул фуқаролар йиғини ҳудудида танасида жароҳатлари бўлган аёл кишининг мурдаси топилди.

Суриштирувларда у Чимбой туманида яшаган Т.К. эканлиги ойдинлашди. Тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойига чиққан кинология бўлинмаси инструктор кинологи, кичик сержант Ш.Жарекеев “Гарри” лақабли хизмат ити билан ишга киришди. Хизмат итининг из олиши туфайли мазкур жиноятга қўл урган Чимбой туманида яшовчи О.К. қўлга олинди.

Нукус шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган К.И. ички ишлар органларига қилган мурожаатида ўзига тегишли бўлган ишлаб чиқариш цехидан арматура ва темир профиллар ўғирлаб кетилганлигини маълум қилади.

Ўғирликни фош этиш юзасидан олиб борилган қидирув ишларига кинология бўлинмаси инструктор кинологи Э.Қурбанбаев “Рет” лақабли хизмат ити билан жалб этилди.

“Рет”нинг воқеа жойидан из олиб бориши натижасида ўғирланган нарсалар топилади. Суриштирув ишлари чоғида уни содир этган шахс ҳам қўлга олинди.

Хизмат самарадорлигига эришишда ходимлар малакасини ошириб бориш катта аҳамиятга эга,- дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмаси бошлиғи, подполковник Руслан Утеулиев.

Шу боисдан, кинолог ходимлар режа асосида ташкил этиладиган ўқув курсларида доимий малака ошириб келишмоқда.

Хусусан, яқинда 15 нафар кинологлар ўзларига бириктирилган жониворлар билан хизмат итлари питомнигида ташкиллаштирилган ўқув курсида қайта тайёрловдан ўтди.

Шунингдек, кинологлар учун методик қўлланма тайёрланиб, ҳудудий ИИБларга тарқатилди.

Мазкур ишлар натижасида ҳудудларда юз берган одам ўлдириш, ўғрилик, босқинчилик, гиёҳвандлик ва бошқа жиноятларнинг аксарияти кинологлар кўмагида очилишига муваффақ бўлинди.

Шунингдек, соҳа фидойилари республика ҳудудида ўтказилаётган "Қорадори — 2023" кенг қамровли тадбирида фаол иштирок этиб, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ кўплаб жиноятларнинг фош этилишига ҳисса қўшишмоқда.

Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз. Қорақалпоғистон Республикаси.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага