5 август 2022 2698

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисига 2022 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти

Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари талаблари асосида ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • – ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммоларни бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиш;
  • – ҳудудларда жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳаллаларни тоифаларга ажратиш ҳамда криминоген оғир ҳудудларга ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда “жиноят ўчоқлари«ни бартараф этиш учун қўшимча куч ва воситаларни жалб қилиш;
  • – республика – вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмларини жорий этиш, ички ишлар ва бошқа давлат органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш;

– ички ишлар органларининг замонавий қиёфасини яратиш, тизим ходимларининг шахсий

масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш, жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш учун зарур кўникмаларни шакллантириш ҳамда соҳани тўлиқ рақамлаштиришга эришиш.

Бу борада, 2022 йилнинг биринчи ярмида ички ишлар органларининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида бир қатор қуйидаги комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастуридаги чора-тадбирлар учун Ички ишлар вазирлиги асосий ижрочи этиб белгиланган барча бандларнинг ижроси таъминланди.

Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 19 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида»ги қарори (СҚ-504-IV-сон) билан белгилаб берилган топшириқларнинг ҳар бир банди алоҳида назоратга олиниб, масъуллар белгиланди ва жойига чиққан ҳолда ижрога қаратилди.

Ички ишлар вазирлигида ижро интизомини мустаҳкамлаш, бу борада барча даражадаги раҳбарлар масъулиятини кучайтириш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги ижро интизоми масалалари бўйича ПФ-6166-сон Фармони ва 31 майдаги «ижро.гов.уз» тизимида топшириқлар ижросини ва назоратини ташкил этишнинг янгича механизмини белгилаб берувчи ПҚ–5132-сон қарори асосида олиб борилди.

Жумладан, 2022 йилнинг 6 ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 107 та Фармон, қарор, фармойишлари, мажлис ҳамда ҳудудларга ташрифлари баёнлари доирасида ички ишлар органларига юклатилган жами 368 та топшириқларнинг ижроси бажарилиши таъминланди.

Бунда, берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган лойиҳалар асосида 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, 51 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, шундан 14 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони, 7 та қарори, Ҳукуматнинг 29 та қарори лойиҳалари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиниши натижасида ички ишлар органлари фаолияти янада такомиллаштирилди.

Жумладан, ишни судга қадар юритиш босқичида жиноятларга оид аризалар, хабарларни кўриб чиқиш ҳамда жиноят иши бўйича суриштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун давлат органлари ўртасида тезкор ахборот алмашишни амалга ошириш бўйича “Электрон суриштирув ва дастлабки тергов” ягона ахборот тизими жорий этилди.

Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказида Генетик тадқиқотлар ва Шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлимлари ташкил этилди.

Ички ишлар вазирлиги таъсисчилигида ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, совуқ, улоқтирувчи ва бошқа қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, ўқ ўтказмайдиган махсус ҳимоя воситаларини, электрошок қурилмалари, пиротехника буюмлари ва портловчи материалларни сертификатлашни амалга оширувчи давлат муассасаси ташкил этилди.

Эксперт-криминалистика бош марказида 2022 йил якунига қадар 8 та, 2023 йил якунига қадар эса яна 3 та янги турдаги экспертиза ва тадқиқотлар ўтказилиши йўлга қўйилиши белгиланди.

2023 – 2026 йилларда ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати саф бўлинмаларини авто ва мототранспорт воситалари, хизмат отлари ва анжомлар билан таъминлаш дастури тасдиқланди ҳамда отлиқ отрядлари учун янги бино ва иншоотларни қуриш белгиланди.

Шунингдек, 2022 – 2024 йилларда ички ишлар органлари бўлинмаларини электрон браслетлар билан таъминлаш дастури тасдиқланди. Унга кўра, конвой остидаги шахслар қочишга уринган (электрон браслетни ечиш) ҳолатлар ҳақидаги товушли ва визуал хабарни онлайн режимида автоматик тарзда бириктирилган конвойчи ходимга ҳамда навбатчилик қисмларига узатиш имконияти яратилади.

Маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоат тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳри туманларида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда йирик туман ва шаҳарларда амалдаги таянч пунктлар ўрнига ҳар бешта маҳаллага фаолият кўрсатувчи “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари» ташкил этилиши белгиланди.

Жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар

2022 йилнинг 6 ойи мобайнида республика ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, содир этилган жиноятларни фош этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

1. Тезкор-қидирув фаолиятини жадаллаштириш йўналишида:

– республикада содир этилган жиноятларнинг 43 728 таси ёки 93,9 фоизи фош этилди, тергов органларидан яширинган 2 841 нафар шахслар ушланди, 203 нафар бедарак йўқолганлар топилиб, 11 та шахси номаълум мурдаларнинг шахси аниқланди;

– 1 066 нафар шахслар томонидан содир этилган 817 та коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 116 млрд 515 млн сўм миқдоридаги зарарнинг ундирилиши таъминланди;

– 1 тн 206 кг наркотик воситалари, шунингдек турли ёт ғояларни тарғиб этишда фойдаланилган 54 та адабиётлар ва 111 та маълумот ташувчилар олинди;

– 1 135 маротаба махсус операцияларда 14 811 нафар жиноят содир қилган шахслар ушланиб, улардан 5 дона ўқотар қуроллар, 1 222 дона
ўқ-дорлар, 118 дона совуқ қурол ва 46 кг 618,3 гр гиёҳвандлик воситаси аниқлаб олинди;

– 861 бош хизмат итлари ёрдамида 1 669 та жиноятлар фош этилиб, 50 кг ортиқ гиёҳвандлик воситалари аниқланди;

– тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида фуқаролардан 548 дона қурол ва 971 дона ўқ-дорилар ихтиёрий равишда олинди, 73 нафар фуқаролар эса 634 дона қурол ва 1 923 дона ўқ-дориларни ноқонуний сақлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди;

– 244 нафар «ҳужра»ларда қатнашган, 35 нафар чегара қоидаларини бузган ҳамда 120 нафар одам савдоси жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди;

– муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида сақланган 3 595 нафар шахслар билан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 75 нафар қидирувда бўлган шахс аниқланди ва 38 та жиноятлар фош этилди;

2. Жиноятчиликни «маҳаллабай» усулида жиловлаш йўналишида:

– 116 485 нафар илгари судланган шахслар профилактик ҳисобдан чиқарилиб, 11 847 нафари ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди ва 2 817 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди;

– вояга етмаганларнинг 3 294 нафари ўқишга қайтарилди, 4 955 нафари спорт, 3 904 нафарини факультатив тўгаракларга, 1 272 нафари кичик бизнес шохобчаларига жалб этилди ва 1 407 нафари «Баркамол авлод» марказларига жойлаштирилди;

– назоратсиз юрган 51 003 нафар вояга етмаган шахслар аниқланиб, 15 225 нафари ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам марказларига ва 106 нафари ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилди;

– профилактика инспекторлари томонидан 887 минг 108 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар, шундан, 58 558 та паспорт тизими қоидаларини бузиш, 128 748 та жамоат жойларида спиртли ичимлик ичиш ва 1 806 та оз миқдорда талон-торож қилиш ҳуқуқбузарликлари аниқланган;

– профилактика инспекторининг ваколатига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 23,9 млрд сўм жарима ундирилган бўлиб, 55,7 млрд сўм жаримани ундириш учун ҳужжатлар тегишли идораларга юборилган;

– 4 670 та ИИО таянч пунктларига оптик толали кабель тортилиб, бунинг натижасида «онлайн суд» ўтказиш учун 3 805 та жойлар жорий этилиб, судларда 40 525 та маъмурий ишлар «онлайн» тарзда кўриб чиқилди;

– маҳаллаларда 5 545 та «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилиб, уларга 15 873 нафар ёшлар жалб этилди ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларига йўналтирилди;

– уйма-уй юриш орқали аҳолида 7 636 та ижтимоий-иқтисодий муаммолар аниқланиб, уларни бартараф қилиш учун маҳаллий ҳокимликлар ҳамда мутасадди идораларга 5 354 та тақдимномалар киритилди.

Бундан ташқари, республика миқёсида 3 маротаба «Хавфсиз ҳудуд», “Турмуш” ва “Назорат” тезкор-профилактика тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирлар давомида 11 666 та оилаларнинг муаммолари, 21 972 нафар илгари судланганлар, 11 260 нафар маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчилар, 2 465 нафар ўта хавфли рецидивистлар, 5 845 нафар маъмурий назоратда турган шахсларнинг турмуш тарзи ўрганилиб, улар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилди.

3. Алоҳида тоифадаги шахслар билан ишлаш йўналишида

Ёшлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида алоҳида эътибор уюшмаган ёшлар билан ишлашга қаратилиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чоралари кўрилди:

– Ички ишлар вазирлиги томонидан республиканинг 3-секторларида ёшлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича Ички ишлар вазирининг кубоги мусобақалари ўтказилди;

– ички ишлар органларига кўмаклашаётган ёшлар ўртасида ж.й. 20 майдан 25 июльга қадар Энг фаол «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳи аъзоси кўрик-танлови ўтказилди;

– ёшларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш мақсадида жорий йил 15 майдан 8 августга қадар «Ёш ҳуқуқшунос» кўрик танлови ўтказилмоқда.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди:

– 3 067 нафар хотин-қизларнинг ишга жойлашишида, 3 132 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам берилишида, 215 нафарини тиббиёт диспансерларига юборилишида, 716 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклашда, 1 138 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдамлар кўрсатилди;

– оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўравонлик ишлатилишига дуч келган 172 нафар хотин-қизлар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилди;

– ижтимоий муаммолари ҳал этилиши натижасида соғлом турмуш тарзига ўтган 9 157 нафар, шу жумладан 228 нафар вояга етмаган қизлар, 2 156 нафар ёш (18-30 ёш) хотин-қизлар, 217 нафар илгари судланган аёллар ички ишлар органлари ҳисобидан чиқарилди;

– «ҳимоя ордери» расмийлаштирилган 25 869 нафар нафар хотин-қизларнинг оилаларида олиб борилган профилактик ишлар натижасида 12 843 та оила яраштирилди, 11 640 та оилаларда низолар бартараф этилди, шунингдек, уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш мақсадида, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган 2 762 нафар шахслар ҳимоя ордери талабларини бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди;

– оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга тезкорлик билан зарурий ёрдам кўрсатиш учун тизимда (Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати таркибида, 2022 йил 10 январдан) қисқа «1259» ва «1286» рақамли “Ишонч маркази” ташкил этилиб, марказга қўнғироқ қилган 5 976 нафар аёлларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Аҳолининг кам таъминланган, якка ёлғиз, боқувчисини йўқотган, ногирон ҳамда доимий меҳнат билан банд бўлмаган қатламлари билан ишлаш борасида “маҳаллабай” тизими йўлга қўйилди.

Мазкур тизим доирасида, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган 3-секторларда:

– “Темир дафтар«га киритилган 165 865 та эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, бугунги кунга келиб уларнинг 157 114 тасида (94,7 %) даромад манбаи шакллантирилди ва улар Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорлари асосида рўйхатдан чиқарилди;

– «Аёллар дафтари»га киритилган 644 849 нафар хотин-қизларга кўмаклашиш орқали уларнинг 497 497 нафарига 3-босқич доирасида зарурий ёрдам кўрсатилди;

– «Ёшлар дафтари»га киритилган 49 974 нафар қўшимча кўмакка муҳтож ёшларнинг 886 нафари доимий иш ўринлари билан таъминланди, 1 156 нафарига кредит ажратилди, 16 042 нафарига ер ажратилди, 177 нафари «устоз-шогирд» анъанаси асосида ҳунармандларга бириктирилди, 4 120 нафарига субсидия ажратилди, 1 680 нафарига ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатилди. Амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунда жами 41 598 нафар (83,2 %) ёшлар рўйхатдан чиқарилди.

Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари«га киритилган шахсларнинг 1 831 нафарига сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадали ҳамда 897 нафарига ҳайдовчиларни тайёрлаш курсларида ўқиш харажатлари қоплаб берилди.

Шунингдек, “Ёшлар дафтари«га киритилганларнинг 288 нафарига ижара харажатлари, 3 832 нафарига эса меҳнат қуроллари харид қилиш учун бир марталик субсидия ажратилди.

4. «Хавфсиз таълим муассасаси» тамойили асосида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш йўналишида:

Умумий ўрта таълим мактабларида 2 000 нафар вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари жорий этилиб, улар томонидан ҳар бир ўқувчи кесимида махсус профилактик тадбирлар ўтказилди:

– 80 274 нафар ўқувчиларининг хонадонларидаги яшаш шароити ўрганилди;

– 79 695 нафарининг ота-онаси билан суҳбатлар ўтказилди;

– 32 042 нафар болаларнинг тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятни бажармаган ота-онаси (МЖтКнинг 47-м) маъмурий жавобгарликка тортилди;

– 81 439 нафари билан бевосита суҳбатлар олиб борилди.

Инспектор-психологлар томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида тўғри йўлга ўтганлиги учун 36 565 нафар (61,8%) тарбияси оғир ўқувчилар назоратдан чиқарилиб, 22 603 нафар (38,2 %) вояга етмаганлар билан ҳозирги кунда ҳам профилактик ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, таълим муассасаларида «Тиғ» махсус тадбирлари доирасида 9 204 та рейдлар амалга оширилиб, вояга етмаганлар томонидан совуқ қурол олиб юришига чек қўйиш чоралари кўрилди:

– ўқувчиларда 207 та инсон ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган буюмлар аниқланиб, 433 нафар вояга етмаганлар ва уларнинг тарбиясига масъул шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди;

– 12 686 нафар ўқувчиларининг уяли телефонлари тегишли тартибда ўрганилиб, 471 та салбий ҳолатлар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларда муҳокама қилинди ҳамда уяли телефондан тўғри фойдаланишига қаратилган 12 393 та тушунтириш ишлари олиб борилди.

5. Жамоат хавфсизлиги концепцияси ижросини таъминлаш йўналишида:

Республиканинг ҳар бир ҳудудида Жамоат хавфсизлиги концепциясининг ижросини манзилли таъминлаш мақсадида “соҳабай” чора-тадбирлар амалга оширилди:

– Жамоат хавфсизлиги концепцияси ижросини самарали ташкил этиш бўйича Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идораларнинг 123 нафар малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи фаолияти доимий асосда йўлга қўйилиб, 4 та қонун, 2 та Президент қарори, 11 та Ҳукумат қарори, 7 та қўшма қарор, 4 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди;

– ҳар бир туман ва шаҳарда Жамоат хавфсизлиги концепциясининг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича ҳудудий прокуратура идоралари билан махсус семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди;

– жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаларининг жанговар тайёргарлик ҳолатини таъминлаш борасида 538 маротаба махсус тактик (439 таси) ва қўмондонлик штаб (99 таси) машғулотлари ўтказилди;

– ҳар куни 3 939 нафар ходимлар 2 225 та пиёда ва 1 705 та автопатрул йўналишларига хизматга жалб этилиб, шубҳа уйғотган 1 635 560 нафар шахслар ички ишлар органларига келтирилиб, жамоат жойида содир этилган 651 596 та ҳуқуқбузарликлар аниқланди;

– тезлик меъёрларига риоя этилмаслик ҳолатларини аниқлаш мақсадида «онлайн» режимда ишловчи 448 та мобил фоторадарлар ўрнатилди, йўл-патруль хизмати ходимлари 4 076 та бодикамералар, 3 514 та қоидабузарликларни расмийлаштирувчи планшетлар билан таъминланди;

– республика автомобиль йўлларида 3,6 млндан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланди;

– республика миқёсида 46 млн 694 мингдан ортиқ фуқаролар иштирокида 107 894 маротаба ўтказилган оммавий-маданий тадбирлар давомида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги тўлиқ таъминланди.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш тадбирлари

2022 йил 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди.

Бу борада Республика ишчи гуруҳи ташкил этилиб, соҳадаги тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори қабул қилинди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракатни ташкил этиш ва бошқариш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:

– Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида барча светофорлар ва йўл белгиларини ўрнатиш ҳамда йўл чизиқлари чизиш масъулияти бевосита ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати зиммасига юклатилиб, унинг ҳузурида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси ташкил этилди;

– Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги чорраҳаларни тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказиш вазифаси ҳокимлар зиммасига юкланди:

– Бош вазир раҳбарлигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш республика махсус комиссияси, ҳокимлар раҳбарлигида эса ҳудудий махсус комиссиялар тузилиб, уларнинг таркиби ва низоми тасдиқланди;

– 2022 йил 1 июлдан бошлаб, барча туман (шаҳар)лар кесимида «Хавфсиз йўл» индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилиб, индикаторлар тасдиқланди. Махсус комиссиялар ҳар чоракда ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини 29 та индикатор бўйича баҳолаб боради;

– 2022 йил 1 июлдан бошлаб енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинди ҳамда енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга рухсатнома учун тўлов миқдори камайтирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари этиб белгиланди;

– 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, ишлаб чиқарилганига ўн йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади;

– 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилади;

– «Йўл ҳаракати қоидалари» янги таҳрирда қабул қилинди;

– Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борадиган катта инспектор лавозими жорий этилди ҳамда таълим муассасаларида кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби ташкил этилди;

– автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Таълим ташкилотлари фаолиятини рейтинг баҳолаш йил якунлари бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан инсон омилисиз таълим ташкилотларига доир маълумотлар асосида уларнинг рейтингини ҳисоблашнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилиши ва унинг натижалари жамоатчиликка эълон қилиниши белгиланди;

– йўл-патруль хизмати стационар постларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали ушбу масканларда инсон омилини чеклаган ҳолда транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича «Яшил» ва «Қизил» йўлак тизимини босқичма-босқич жорий этиш этилиши белгиланди;

– 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қоидабузарликлар учун дифференциялашган жарима балларини ҳисоблаб бориш тизими жорий этилиб, бир йил ичида ҳайдовчи 12 балл олса бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши белгиланди.

Ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш

Ички ишлар органлари фаолиятига рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини жорий этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

– “E-вояга етмаганлар” ягона ахборот тизими яратилиб, синов тариқасида Тошкент вилоятидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида жорий этилди;

– “E-инспектор», “E-ҳисобот», «Профилактика инспектори фаолиятини баҳолаш тизими» ва «Е-ҳуқуқ-тартибот» каби жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фойдаланиш учун бир қатор ахборот тизимларини яратиш юзасидан Техник топшириқ лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди;

– «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Пробация хизматининг реал вақт режимида озодликни чеклаш жазо муддатини ўтаётган шахсларни масофадан турган ҳолда назорат қилиш тизими» техник топшириғи лойиҳаси тасдиқланди ва ҳозирда ишлаб чиқилган ахборот тизими Вазирлик томонидан яратилган Ягона бошқарув платформасига интеграция қилинди;

– «Оилавий зўравонликлар тўғрисидаги хабарлар” юзасидан телеграмм-бот орқали аризалар қабул қилиниши йўлга қўйилди;

– «Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар» ахборот тизими яратилиб, ҳимоя ордерини бериш механизмлари рақамлаштирилди ва хотин-қизларга ҳимоя ордери берилишини электрон назорат қилиш амалиёти жорий этилди;

– «Маиший зўравонлик» ва «Профилактика инспектори мурожаати»ни қабул қилиш бўйича алоқа маркази ташкил этилиб, рўйхатга олиш ва назорат қилиш бўйича веб-платформалар жорий қилинди;

– транспорт ва туризм объектларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ситуацион-таҳлилий марказ ташкил этилиб, жами 1 948 дона видеокузатув камералари интеграция қилиниши таъминланди.

Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш

– Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари орқали фуқароларга 238 189 та ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштирилиб, 45,4 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари туширилди;

– Ўзбекистон Республикаси фуқароларига 554 минг 369 та ID-карталар расмийлаштирилиб берилди, 396 нафар (2016 йилдан бери жами 23 411 нафар) фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди;

– республикамизга ташриф буюрган 201 минг 572 нафардан ортиқ хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинчалик қайддан ўтди ва 2 176 нафаридан доимий яшаш учун ҳужжатлар қабул қилинди;

– Тошкент шаҳрига 92 431 нафар ва Тошкент вилоятига 36 108 нафар фуқаролар доимий, шунингдек, Тошкент шаҳрига 44 294 нафар ва Тошкент вилоятига 15 644 нафар шахслар вақтинчалик турган жойи бўйича рўйхатга олинди;

– фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш учун 253 та ҳужжатларни йиғиш пунктлари ташкил этилган бўлиб, улар томонидан 1 млн 278 минг 339 та талабномалар шакллантирилди;

– жорий йилнинг биринчи ярмида 1 млн 222 минг 652 нафар фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштирилди;

– автомашиналарнинг давлат рақам белгиларини аукцион орқали сотиш орқали 76 179 та давлат белгилари сотилиб, 170,4 млрд сўмдан ортиқ пул маблағларининг тушиши таъминланди.

Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишлар

2022 йилнинг 6 ойи давомида ички ишлар органлари ходимлари учун муносиб хизмат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилди, хусусан:

– 3 412 нафар ходимларга ижарада яшаганликлари учун пул компенсациялари тўлаб берилиши йўлга қўйилди;

– 379 нафар яшаш шароитини яхшилашга муҳтож ходимларга уй-жой сотиб олиш, таъмирлаш, уй-жой қуриш, қурилиш моллари сотиб олиш учун фоизсиз қарз ажратилди;

– ипотека кредити асосида 280 нафар ходимларга хонадонлар берилди;

– 52 нафар турли даражадаги тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган ходимларнинг 34 нафарига нисбатан бир марталик нафақа пуллари тўланди;

– ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича вазирликнинг марказий ва ҳудудий комиссиялари томонидан 946 нафар эҳтиёжманд ходимларга пул маблағлари берилиши бўйича қарор қабул қилинди;

– ишчи ишлар органларининг амалдаги 1 917 нафар ходим ва ҳарбий хизматчиларининг 1 998 нафар фарзандларига ажратилган беш фоизлик квота доирасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатига танлов асосида ўқишга кириш учун Ички ишлар вазирининг тавсияномалари берилди.

Шу каби, 519 нафар ходимларнинг 537 нафар фарзандларига ажратилган беш фоизлик квота доирасида Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига дастлабки ва касбий танлов натижалари асосида қабул қилиш учун Ички ишлар вазирининг тақдимномалари берилди;

– юқори натижаларга эришган 20 нафар ходимлар давлат мукофотлари билан, 1 692 нафар ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан тақдирланди;

– иш самарадорлигини ошириш мақсадида 109 нафар раҳбар ходимлар бошқа лавозимларга ротация қилинди, 7 473 нафар ходимлар аттестациядан ўтказилди;

– хизмат фаолиятида камчиликларга йўл қўйганлиги учун 91 нафар раҳбар ходимлар лавозимидан озод этилиб, ўрнига ташаббускор янги раҳбарлар тайинланди;

– шахсий таркиб билан 514 маротаба тарғибот-ташвиқот ишлари, 8 700 маротаба якка тартибдаги консультатив суҳбатлар ўтказилди;

– ходимларга 87 та ҳолатда пора бериш жиноятлари бўйича тадбирлар ўтказилиб, хизмат вазифасига виждонан ёндашган ходимларга 257,5 млн сўм пул маблағлари берилди;

– 20 798 нафар ички ишлар органлари ходимлари турли модуллар ва ўз йўналишлари бўйича малака ошириш дастурлари асосида ўқитилди;

– узлуксиз “ўқув-карьера тизими” бўйича 3 306 нафар ходимлар ўқитилиб, шулардан 3 108 нафарига тегишли намунадаги сертификатлар топширилди;

– тизимдаги 43 357 нафар ходимларни жалб этган ҳолда 1 881 та (479 таси якка кураш турлари бўйича) спорт мусобақалари ўтказилди;

– спорт турлари бўйича 1 222 нафар ходимлар ғолиблик совринларига эга бўлганлиги учун моддий рағбатлантирилди;

– ўқ отиш базаларида 46 005 нафар ходимлар билан жами 620 маротаба амалий ўқ отиш машғулотлари ўтказилди.

2022 йил 6 ойида содир этилган жиноятларнинг таҳлили

2022 йилнинг 6 ойида республикада бўйича жами 46 529 та жиноят қайд этилган бўлиб, бу ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 131 тани ташкил этади.

Жиноятларни тергов қилиш давомида 17 999 та жиноятлар аввалги йилларда содир этилганлиги аниқланиб, 2022 йилда ҳисобга қўйилди.

Шунингдек, қайд этилган жиноятларнинг деярли ярми (жами 46 529 тадан 19 099 та, 41 %), ходимларнинг ташаббуси билан аниқланган ва бу амалиёт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,7 фоизга (15 434 тадан 19 099 тага) яхшиланди.

Умумий жиноятларнинг ҳар учинчисини (46 529 тадан 15 669 та, 33,7 %) фирибгарлик ва ўғрилик ташкил этган.

Фирибгарлик жиноятларининг 821 таси ишга ва ўқишга киритиб қўйиш, 765 таси уй-жой ва кредит олиб бериш, 643 таси қарз олди-бердиси, 401 таси автомашина олиб бериш, 68 таси плаcтик карточкадаги пулларни нақдлаштириб бериш мақсадида алдаб содир этилган.

Шунингдек, ўғриликларнинг 1 441 таси хонадон, 1 363 таси телефон, 388 таси велосипед, 411 таси ҳайвон ўғриликларини, 260 таси киссавурликни ташкил этган.

Содир этилган 183 та қотиллик жиноятларининг:

– 80 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида, шундан 38 таси ўзаро келишмовчилик, 13 таси рашк туфайли, 8 таси мол-мулк талашиш, 3 таси ўч олиш ва 18 таси бошқа сабабларга кўра содир этилган;

– 31 таси эри томонидан хотинига, 7 таси хотини томонидан эрига, 12 таси акаси ёки укасига, 3 таси қўшнисига ва 27 таси қариндошига нисбатан содир этилган.

Бундан ташқари, жами қайд этилган 3 363 та тан жароҳати етказиш жиноятларнинг:

– 687 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида;

– 460 таси ўзаро келишмовчилик, 45 таси рашк туфайли, 36 таси мол-мулк талашиш, 9 таси ўч олиш ва 137 таси бошқа сабабларга кўра содир этилган.

Республикадаги барча 9 349 та маҳаллаларнинг ярмисида (4 951 тасида, 53%) жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.

Шунингдек, 3 119 та маҳаллада ҳар 10 минг аҳоли сонига нисбатан содир этилган жиноятлар сони туман-шаҳар кўрсаткичидан юқорилигича қайд этилиб, улар “қизил” тоифага киритилган ҳамда жиноятлар содир этилган яна 1 279 та маҳаллалар “сариқ” тоифага ажратилди.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш борасида режалаштирилган ишлар

1) Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда аҳоли осойишталиги ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича ўтказилган комплекс ўрганишлар давомида ҳар бир туман-шаҳар кесимида жиноятчиликни жиловлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифаларнинг ижросини комплекс мониторинг қилиш.

2) Жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш борасида илмий нуқтаи-назардан асослантирилган янги услуб ва усулларни амалиётга жорий этган ҳолда ҳар бир ҳудудда комплекс тезкор-профилактик тадбирларни «хонадонбай» ва «фуқаробай» усулида амалга ошириш. Бу борада:

– “қизил” тоифадаги маҳаллаларга бириктирилган сектор раҳбарлари ва масъуллар (ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва бошқалар) томонидан содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган манзилли профилактик тадбирларни ўтказиш;

– доимий эътибор қаратилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантирилган ҳолда уларни «Ҳуқуқий эътибордаги шахслар реестри»га киритиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг психологик ва ижтимоий профилактикасини ташкил этиш;

– пробация ҳисобидаги маҳкумлар, алимент тўловчи ва ишсиз фуқароларни меҳнат бозорида юқори эҳтиёжга эга бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш ва даромад манбаини яратиш чоралари кўрилишини ташкиллаштириш;

– наркология соҳасини ривожлантириш борасида белгилаб олинган комплекс чора-тадбирлар ижросининг тўлиқ таъминланишини ташкил этиш орқали ичкиликка ружу қўйган, гиёҳвандликка чалинган ва руҳий касалларни мажбурий даволатиш ишларини кучайтириш.

Бунда, жамоат жойларида ўткир маст ҳолатида бўлиб, атрофидагиларга хавф уйғотувчи шахсларга туманлараро тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

– маҳаллада хавфсиз муҳитни яратишда профилактика инспекторига кўмаклашувчи “Фаол нуронийлар” жамоатчилик гуруҳлари фаолияти ҳар бир маҳаллада йўлга қўйиш;

– профилактика инспектори лавозимидан пенсияга чиққан тажрибали мутахассисларни ёш профилактика инспекторларига жамоатчилик асосида маслаҳатчи сифатида бириктириш чораларини кўриш.

3) Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган йирик оммавий-сиёсий тадбирлар давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс тезкор-профилактик тадбирларни амалга ошириш.

4) Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳар бир ҳудуд кесимида йўллар инфратузилмасини яхшилаш, ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш бўйича “Хавфсиз ва равон йўл” концепцияси билан белгиланган чора-тадбирларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш.

5) Ички ишлар вазирлигининг Ситуацион-таҳлилий маркази платформасига давлат органларининг ахборот базаларини интеграция қилиш, ахборот технологияларини ички ишлар органларининг хизмат фаолиятига кенг татбиқ этиш ва рақамлаштириш даражасини ошириш чораларини кўриш.

Хусусан, жиноятчиликни жиловлаш, жамоат тартибини сақлаш ва туристлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамли таҳлил ва ситуацион бошқарув тизимларини республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш, содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар ҳамда криминоген вазиятни сунъий интеллект ёрдамида «маҳаллабай» ситуацион таҳлил қилиш ва прогнозлаш тизимини яратиш ва ҳоказо.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага