1 февраль 2023 646

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳ ҳудудларда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида Фарғона вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан республика жамоат хавфсизлиги концепцияси билан белгиланган вазифалар доирасида йўлларда инсон хавфсизлиги учун муносиб шароитларни яратиш, инфратузилмасини такомиллаштириш, қоидабузарликларни қайд этишнинг замонавий рақамли технологияларини янада кенгроқ жорий этишга қаратилди.

Хусусан, вилоятнинг Олтиариқ тумани Қизилтепа маҳалласи ҳудудини кесиб ўтувчи ички транспорт йўлида юқори тезликда ҳаракатланувчи транспорт воситаларидан норози бўлган аҳолини мурожаатларидан келиб чиқиб, мазкур ҳудудда туман ҳокимининг қарори билан тезликни чекловчи (60 кмгача) йўл белгиси ва назорат қилиш учун кўчма радар қурилмаси ўрнатилди.

Учкўприк, Бағдод, Бувайда ҳамда Риштон туманларида йўл қоидабузарликларини аниқловчи қўшимча 28 та видеокамералар ўрнатиш режалаштирилди.

Мазкур тўртта ҳудудда жами 15 км. йўл чизиқлари янгиланиб, светофор билан тартибга солинувчи қўшимча 3 та пиёдалар ўтиш йўлакчалари ташкил этилди.

Профилактика инспекторининг маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорлигини такомиллаштириш бўйича, Учкўприк туманининг Буйрак, Анҳор бўйи, Сарқўрғон маҳаллари, Олтиариқ туманининг Жўрак, Қизилтепа, Янги араб ва Эски араб маҳалларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўтган йилнинг ҳисобот даврида вилоят ҳудудидаги 114 маҳаллада жиноят содир этилмаганини инобатга олган ҳолда, мазкур маҳалла профилактика инспекторларининг ижобий тажрибасини ўрганиш ишлари ташкил этилди.

Жойларда аҳолини қийнаётган муаммолар, узоқ вақтдан бери ечими ҳал этилмаган масалаларни аниқлаш ва ҳал этишга ҳам эътибор қаратилиб, Олтиариқ туманининг Қизилтепа, Янги араб ва Эски араб маҳалларида аҳолининг мурожаатлари ўрганилди.

Хусусан, Қизилтепа маҳалласидан туман марказига қатновчи йўналишли таксиларнинг нархи 5 минг сўмга кўтарилгани аҳолига ноқулайлик туғдираётганлигини инобатга олиб, туман ҳокимининг қарори билан захирадан кундалик қўшимча 400 литр 80 маркали бензин ажратилиши ҳисобига йўл кира нархи 4 минг сўмга туширилди.

Янги араб ва Эски араб маҳаллаларида 16 та хонадон кўмир ёқилғиси танқислигидан шикоят қилганликлари учун, туман ҳокимияти захирасидан ҳар бир маҳаллага 10 тоннадан кўмир маҳсулоти ажратилди ва шундан 3,4 тоннаси жойларга етказиб берилди.

Қува тумани Ўрабоши маҳалласида яшовчи 2 минг нафар аҳолини ичимлик суви танқислиги билан боғлиқ муаммолари ўрганилиб, мазкур ҳудудга тоза ичимлик суви етказиб бериш мақсадида 6 км қувур ётқизилиши режалаштирилди.

Олтиариқ тумани ижтимоий секторидаги инфратузилмалар, боғча, мактаб, тиббиёт масканлари, туман марказий деҳқон бозорида савдогарлар ва харидорлар учун яратилган қулайлик ва шарт-шароитлар ҳам бевосита ишчи гуруҳи томонидан жойида ўрганилди. Мазкур жараёнда пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишининг олди олиш мақсадида яратилган захира ҳам кўздан кечирилди.

Идоралараро ишчи гуруҳининг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага