Ибратга лойиқ ходим
Катта лейтенант Фирдавс Раҳматовнинг вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жамоат тартибини сақлаш гуруҳи инспектори лавозимида хизмат қилаётганига икки йилдан ошди. У ўтган икки йил давомида Бухоро шаҳридаги тарихий қадамжоларда хизмат олиб бориш билан бирга, хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларнинг қолдириб кетган буюмларини топиб беришда, мурожаатларини ўз вақтида ҳал қилишда жонбозлик кўрсатяпти. Шу боис бошқармага ҳам унинг фаолиятидан мамнун бўлаётган ўнлаб сайёҳларнинг миннатдорлик хатлари келган. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
«Тошкент вилоятидан кўҳна ва навқирон Бухорони зиёрат қилиш учун оила аъзоларим билан борган эдим. Саёҳат мобайнида эҳтиётсизлигим оқибатида ҳамёним ва телефонимни йўқотиб қўйгандим. Шу ҳудудда хизмат олиб бораётган катта лейтенант Фирдавс Раҳматовга учрашдим. У дарров кўрсатилган манзил сари ҳаракатланиб, буюмларимнинг топилишига ёрдамлашди... Қисқаси, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаб келаётган вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига, айниқса, катта лейтенант Ф. Раҳматовга ўз миннатдорлигимни билдираман», — дейди Ҳабиба Шерматова.
Байрам баҳона фурсат топиб, Бухорога сафар қилдик. 9 май куни эрта билан одам камлигини мўлжаллаб сайлгоҳга бордик. Аммо аксига олиб, бу ерда Афанди тўғрисида фильм суратга олинаётган, хорижлик қиз ажнабий тильда ҳайкал олдида маъруза қилаётган экан. Сал нарида эса қуёш остида тирик эшак шампунь билан ювиларди. Эшакнинг обдан ювилаётганига қараганда, тасвир жараёни камида икки-уч соатга чўзиладиганга ўхшар, кутиб туришга эса вақтимиз йўқ эди. Бироз кутиб, ҳалиги қиз маърузасини тугатиши биланоқ, шу ерда томоша қилиб турган йигитга қўл телефонимни бердимда, суратга олиб қўйишни илтимос қилиб, ҳайкалга яқинлашдим. Йигитча телефонни олиб тараддудлангунга қадар тасвирчилар гуруҳи раҳбари ёнимизга етиб келдида, халақит бермасликни, суратга тушишга кейинроқ келишимизни айтиб, майдондан чиқишни талаб қила бошлади.
Бу орада бизни кузатиб турган инспектор йигит тасвирчилар гуруҳи раҳбарига юзланиб, суратга тушиш кўп вақт олмаслигини, меҳмонларнинг норози бўлиб кетиши яхши эмаслигини айтди. Ҳақиқатан ҳам, кўп вақтимиз кетмади... Шу аснода Президентимизнинг халқни рози қилиш ҳақида кўп бора таъкидлашининг замирида масаланинг шу жиҳатлари ҳам бор эканлигини, буни оддий инспектор ҳам англаб етганлигини ҳис қилдим... Қайтаётганимизда эса йигитдан исм-шарифини сўрадим. У Бухоро вилояти ИИБ ХТТБ ЖТСГ инспектори, катта лейтенант Фирдавс Раҳматов экан.
Шу ўринда Фирдавсга тарбия берган ота-онаси — Раҳматовлар оиласига раҳматлар айтаман. Сафларини мана шундай халқпарвар, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқни рози қила оладиган йигитлар билан тўлдираётган Бухоро вилояти ИИБ раҳбариятига ҳам ўз миннатдорлигимни билдираман», деб ёзган хоразмлик Мирзабек Жапақов.
Мирзоқул АҲАДОВ, «Postda» мухбири. Бухоро вилояти.