28 июль 2022 2265

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда

Бугун мамлакатимизга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг таклифига биноан, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тизимларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида Туркия Республикаси Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу (Süleyman Soylu) бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир давомида томонлар уюшган жиноятчилик, терроризм ва экстремизм, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда ушбу соҳада ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Шу билан бирга икки давлатнинг соҳавий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва ходимларнинг малакасини ошириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар белгиланди. Бу ўринда, Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, хусусан, кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳамда криминалистикага оид мутахассисларни тайёрлашда турк тажрибасининг ютуқларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбир жараёнида, вазирликлар ўртасида халқаро шартнома ва ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан олиб борилаётган ишлар, жумладан имзоланган икки томонлама битимларнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини тезлаштириш масаласи ҳам кўтарилди.

Ташриф жараёнида турк делегацияси томонидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Ситуацион маркази фаолияти билан яқиндан танишиш режалаштирилган.

Шунингдек, турк ҳамкорлар Хоразм вилоятига ташрифларини давом эттириб, у ерда тарихий объектларда хавфсиз туризмни таъминлаш, бу борада ўзбек ҳамкорларининг фаолияти ва турк тажрибаси бўйича фикр алмашишини мақсад қилганлар.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага