«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» мутахассислиги бўйича тайёрланаётган қизлар билан давра суҳбати ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 ноябрдаги ПФ-257-сон Фармонига асосан ташкил этилган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси тизимида фаолият олиб бориш учун «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» мутахассислиги бўйича тайёрланаётган кадрлар орасида талаба қизлар ҳам таълим олиб келмоқда.
Уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш ва ривожлантириш ҳамда келгуси хизмат фаолиятига тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Талаба қизларда хизматга бўлган қизиқишларини орттириш, ўз касбига бўлган иштиёқини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тизимида фаолият юритаётган аёл ходималари иштирокида 2023 йил 16 март куни “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёлларни ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатига Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғининг ўринбосари подполковник Н.Б.Миржалолова, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғининг ўринбосари полковник У.Х.Абдуллаева, Юридик таъминлаш бошқармаси катта юрисконсульти подполковник Т.А.Джураева таклиф қилиниб, талаба қизларга тизимларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хизмат фаолиятини белгилаб берувчи ҳукумат фармон ва қарорларнинг, вазирликнинг буйруқ ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Касбга йўналтирувчи давра суҳбати давомида талаба қизларнинг кўплаб саволларига нотиқлар томонидан атрофлича жавоб берилди.