Фахрийлар сафда. Халқ дарди билан яшаш керак
Лавҳамиз қаҳрамони Зулфия Абдукаримова йигирма етти йил ички ишлар органларида самарали хизмат қилди. Айни кунда эса у Урганч шаҳридаги “Олмабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.
Бундан ўн йилларча муқаддам маҳаллада турли нотинчликлар пайдо бўлди. Қизларни эрта турмушга узатиш ҳолатлари, ёш оилалар ажрими, хотин қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар кўпайди. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги масъуллари ИИБ раҳбарияти билан маслаҳатлашиб, маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига истеъфодаги сержант Зулфия Абдукаримова номзодини тавсия қилди. Номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда хизмат фаолияти билан яқиндан танишган маҳалла аҳли бир овоздан бу таклифни маъқуллади.
Зулфия опа маслаҳатчи вазифасига тайинлангач, иш фаолиятини хотин-қизларнинг турмуш тарзини ўрга нишдан бошлади. Оилаларда учраётган муаммоларни, маҳалла аҳлининг таклиф ва истакларини ён дафтарига қайд қилиб, фаоллар билан ҳамкорликда ечимларини топишга ҳаракат қилди. Айниқса, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир нохуш ҳолатни профилактика инспектори билан бамаслаҳат қонуний ҳал қилишга интилди.
Шу тариқа, у 8 йил маҳалла хотин-қизлари билан ишлади. Шундан сўнг аҳоли бу жонкуяр аёлни маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайлади. Мана, шунга ҳам бир ярим йилдан ошди. Ўтган қисқа давр ичида “Олмабоғ” маҳалласи тубдан ўзгарди. Жамоат тартибини сақлаш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида кўплаб тадбирлар ўтказилди. Хусусан, маҳалла ҳудудидаги барча корхона ва ташкилотларга, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига видеокузатув камералари ўрнатилди. Шунингдек, кўнгилли ёшлардан иборат тунги навбатчилик гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. “Фуқаробай”, “хонадонбай” ишлаш тизимида аҳолининг мавжуд муаммолари ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Профилактика инспектори, лейтенант Отаназар Озодов билан ҳамкорликда амалга оширилган бу каби тадбирлар натижасида маҳалла жиноятдан холи ҳудудга айлантирилди.
— Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати, қийинчилиги бор, — дейди Зулфия Абдукаримова. Узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилган бўлсам-да, маҳаллада ишлашнинг ҳам ўзига хос масъулияти, ташвиши борлигини сездим. Аммо халқ дарди билан яшаш, мушкулини осон қилиш, муаммоларига ечим топиш кишига фахр, ғайрат шижоат бағишларкан. Ўзингни руҳан тетик, бахтиёр ҳис қиларкансан.
Лавҳамиз қаҳрамонининг ички ишлар органлари тизимидаги хизмат фаолияти ҳам кўпчиликка ибратли. У узоқ йиллар вилоят ИИБ ҳузуридаги Кўриқлаш бошқармаси молия-иқтисод бўлимида самарали хизмат қилди. Мураббийлик фаолияти давомида подполковник Марҳабо Раҳимова, майорлар Лилия Залилова, Отабек Отаев, сержантлар Ширин Ибрагимова, Замира Юсупова, Нигора Нурметова сингари кўплаб ёшларга устозлик қилди.
Она юрт, муқаддас заминимизнинг, янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши, ривожланиши учун сидқидилдан меҳнат қилаётган истеъфодаги сержант Зулфия Абдукаримова сингари фидойи инсонлар билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
Суратда: маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зулфия Абдукаримова ППХ батальони ходимлари билан суҳбатлашмоқда.
Саъдулла АБДУЛЛАЕВ олган сурат.