Эгри битганни эл тўғрилар
Европадаги нуфузли университетнинг битирувчи талабалари профессордан омадга эришиш, муваффақият қозониш сирларини сўрашибди. Шунингдек, турмуш қийинчиликлари, ҳар жабҳада кўндаланг турадиган муаммолар, юмушлару уларнинг машаққатларидан ҳам нолишибди, танлаяжак касбларининг оғирлиги ҳақидаям уқтириб ўтишибди. Профессор талабаларни тинглаб бўлгач, уларни ҳар хил финжондаги қаҳва билан сийлабди.
Эътибор беринглар, танлаган финжонингиз ранг-баранг, - дебди профессор, - баъзилари оддий, баъзилари ноёб материалдан ишланган. Албатта, ўзларингга маъқул бўлган, кўнглингиз истагидаги финжонларни олдингиз. Шуни ёдда тутингки, идиш бу идиш, унинг ичидагиси эса энг муҳимидир.
Сизлар қимматбаҳо финжонларни олишга интилиб, кейин бир-бирларингизга қизиқиб қарадингиз, кимга қанақаси тушди деб. Энди тасаввур қилайлик: ҳаёт - бу қаҳва; иш, пул, жамият - бу финжонлар. Лекин биз қандай финжон танлашимиздан қатъи назар, улар ҳаётимизда заррача мазмун касб этмайди. Уни йўқотган тақдиримизда ҳам бу биз учун фожиа эмас...
Мардон Маматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) устозларига юқоридаги сингари саволлар бермаган бўлиши мумкин. Аммо ўттизга тўлиб, «ўтин» бўлганлиги рост. «Ўтин»лиги шундаки, у кун бўйи уйда ўтириб, бирор ишга ёки касбга қўл урмай, хотини топганини еб юришга одатланган эди.
Ҳаттоки, улфатлари билан тез-тез гурунглашиб ҳам келарди. Ана шундай пайтда пульсизлиги боис улфатлари олдида тили қисиқ бўларди.
Кунларнинг бирида Мардон Одил исмли таниши ногиронлик нафақасини олганини эшитиб, пулни ўмариш нияти туғилди. Шуларни ўйлаб, тушга яқин Одилникига бир шиша ароқ олиб борди. Мезбон меҳмонга атаб дастурхон тузатди.
Иккиси овқатланиб, ароқни ичишди. Сўнгра у уйига кетди. Бироқ ўғрилик режасини ҳам пишитди.
...Ярим тунда Одилнинг ётоқхонасига шарпа илондай ўрмалаб кириб, ёстиғи остида турган пулларни олиб, жуфтакни ростлади.
Ташқарига чиқиб, пулни санаса 900 минг сўм экан. У хурсанд бўлиб, уйига равона бўлди. Шу тун тонг отганини билмай қолди.
- Дадаси, профилактика инспектори сизни сўроқлаб келди. Чиқаркансиз, - дея хотини уни турткилаб уйғотди.
Ички ишлар органлари ходимлари Мардон билан ўғрилик юзасидан суриштирув олиб борди. У дастлабки тергов ҳаракати давомида айбини бўйнига олиб, жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплади. Шу боис ҳам жабрланувчи унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди.
Аммо суд жиноят жазосиз қолмаслигини яна бир карра намойиш этди. Судланувчи М.Маматовга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилди.
Халқимизда «Эгри битганни эл тўғрилар» деган мақол бор. Балки қаҳрамонимиз хатосини англаб, тўғри хулоса чиқарса, яхшиларга қўшилиб, ёмон иллатларини ташласа яхши бўларди!
Умид Ҳакимов, капитан. Мирзоқул Аҳадов, «Postda» мухбири. Бухоро вилояти.