26 сентябрь 2022 642

«Довюрак жангчи» интенсив синовлари якунланди

Жорий йил 19-23 сентябрь кунлари Қарши шаҳридаги “Қўнгиртоғ” дала ўқув майдонида Республика миқёсида ўтказилган «Довюрак жангчи» интенсив синовлари якунланди. Қарши шаҳридаги 7533-сонли ҳарбий қисмда «Довюрак жангчи» интенсив синовлари якунига бағишланган тадбирни Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари полковник Убайдулла Джаббаров очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини юқори даражада ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, ўтказилган уч босқичли интенсив синовларда ҳарбий хизматчилар хавфсизлик чораларига қатъий амал қилган ҳолда жанговар руҳ, матонат ва шижоат билан топшириқларни бажаргани эътироф этилди.

«Довюрак жангчи» интенсив синовлари иштирокчилари комплекс куч машқлари, 30 км масофага пиёда юриш (марш-югуриш) ва ягона тўсиқлар йўлагида умумий назорат машқини ўқотар қуроллардан (автомат ёки тўппонча) амалий отиш машқини ва пичоқ улоқтириш машқи бўйича синовларни бажаришди.

Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлигини юқори даражага кўтаришга хизмат қилувчи тадбирда Қоровул қўшинларига қарашли 7533-7536-7551-7553-ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари майор Бекзод Аитов, катта лейтенант Жалолиддин Омонов, кичик сержантлар Сардор Хамдамов, Шерзодбек Йўлдошев, Адизжон Пулатов, 3-даражали сержант Заиджон Жиенбоев, оддий аскарлар Хурсанд Юлдошев, Муроджон Олтиев, Мухриддин Хўжамуродов юқори натижаларни қўлга киритиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлишди.

Вазирлик Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7251-7253-7255-7256-ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари майор Хамидулло Султонов, кичик сержантлар Темур Абдураимов, Жамол Нормуродов, Искандар Ҳазратов, Абдуқодир Хамроқулов, Турсунали Мелибоев, Шерзод Шаропов, Шерзод Тошмирзаевлар бор маҳорат ва тажрибаларини ишга солиб энг яхши натижаларни қайд этишди.

Соғлом рақобат руҳида ва юқори савияда ўтган тадбирда бор куч-ғайратларини намоён қилган ҳарбий хизматчиларнинг ютуқлари барча ҳамкасблари учун ибрат ва маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳарбий оркестр садолари остида синовларда муваффақиятли иштирок этиб, ютуқларни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар эътироф этилди.

Ғолиблар жорий йил ноябрь ойида ички ишлар вазири ҳузурида тақдирланади.

Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага