Анвар ва «Герда»
Ички ишлар органларида хизматга кирганида Анвар Исроилов кинолог бўлишни ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Бахмал туманининг Чайиш қишлоғида туғилиб ўсган йигит 2009 йили Зомин тумани ИИБ ҳузуридаги туманлараро қўриқлаш бўлинмаси милиционери лавозимида иш бошлади. Фаолият жараёнида тез-тез хизмат итлари билан ишлашига тўғри келди ва унда кинология соҳасига ҳавас уйғонди.
Ниятинг йўлдошинг, деганларидек 2015 йили у Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизматига инструктор-кинолог лавозимига қабул қилинди. Ўша йили ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг махсус тайёргарлик ўқув марказида ўқув курсини тамомлади.
Қаҳрамонимиз бугун тўрт оёқли ҳамроҳи «Герда» билан ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни «иссиқ изида» фош этишда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Жониворларни ўргатиш узлуксиз ва тизимли амалга оширилиши керак. Негаки, 3-4 кун машқ қилдирилмаса, эгалланган кўникмалар унутилади, дейди сафдор А.Исроилов. Қолаверса, биз ҳам жисмоний ва жанговар тайёргарлигимизни мунтазам ошириб боришимиз зарур. Чунки томонлардан бирининг кучсизлиги ҳар иккисининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Вилоят ИИБ ЖТСБ Кинология бўлинмаси инструктор-кинологи, сафдор Анвар Исроилов мунтазам равишда қўл жанги ҳамда тўсинда тортилиш билан шуғулланади, ҳар куни тонгда югуришни ҳам канда қилмайди. Табиийки, сафдорнинг ўз устида тинимсиз ишлаши ҳамда хизмат итини тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаяпти. Чунончи, 2018 йили ички ишлар органлари кинологлари ўртасида ўтказилган кўпкураш мусобақасида иккинчи, 2020 йили ташкил этилган мусобақада эса учинчи ўринни эгаллади. 2021 йили ўтказилган «Аълочи кинолог» кўрик-танловида II даражали диплом соҳибига айланди. 2022 йил ҳам омадли келиб, унга «III тоифали кинолог» кўкрак нишони топширилди. Ўтган йили хизмат ити ёрдамида 5 та жиноятни очишга эришди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ, «Postda» мухбири.
Жиззах вилояти.