14 январ 2021 2665

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Р. Бобожоновнинг байрам табриги

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ушбу қутлуғ айёмда, азму шижоатли ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, азиз фахрийларимизни ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан самимий табриклайман.

Бу йилги байрам “Ким ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” деган улуғвор ғоя остида ўтказилмоқда.

Мазкур айёмнинг мамлакатимизда кенг миқёсда нишонланиши Ўзбекистонда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқарода, айниқса ёш авлодда юрт тақдирига дахлдорлик ҳамда унинг равнақи учун хизмат қилиш туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев Қуролли Кучларимиз тўғрисида “Бугунги кунда миллий армиямиз юртимизнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, фуқароларимизнинг тинчлиги ва сарҳадларимизнинг дахлсизлигини сақлаш, буюк келажагимиз бўлмиш ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилувчи етакчи институтга айланди” деб таъкидлаганлар.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз жадал ривожланиб, ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда.

Ушбу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ички ишлар органларида ҳам кенг кўламли тадбирлар амалга оширилиб, тизимни ихчам, мобиль, профессионал тузилмага айлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бундай натижаларга эришишда ўз бурчига, касбига, ватанига садоқатли, халқ манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ҳамкасбларимиз муносиб ҳисса қўшаётганлигини фахр билан эътироф этамиз.

Ишончим комилки, ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилари бундан буён ҳам ҳар қандай вазиятларда шарафли бурчларига содиқ қолиб, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб, бу йўлда бор билим ва куч-ғайратларини сафарбар этиб, доимо халқимиз ва Давлатимиз раҳбарининг ишончига муносиб бўладилар.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимизни яна бир бор ушбу айём билан табриклаб, масъулиятли ва шарафли ишларингизга улкан зафарлар тилайман.

Ўзбекистон Республикаси
Ички ишлар вазири
генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага