31 октябр 2020 155

ИИВ Академиясида Бош прокуратура билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди

Терговга қадар текширувда қонунийлик таъминланяптими?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган давра суҳбати “Терговга қадар текширув фаолиятида қонунийликни таъминлаш” мавзусига бағишланди.

Соҳа вакиллари, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар, Бош прокуратура академияси ходимлари ҳамда Касбий тайёргарлик факультетининг “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” йўналишида таълим олаётган тингловчилар иштирок этган давра суҳбатида терговга қадар текширувда профилактика инспекторлари ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигининг аҳамияти, ушбу жараёнда қонунчиликка амал қилиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

Давра суҳбати аввалида махсус фанлар цикли бошлиғи, подполковник Хайрулла Қиличев сўз олиб, жиноят-процессуал муносабатларда айрим иштирокчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, фуқаролар мурожаати билан ишлашда қонунийликни таъминлаш, бу борада профилактика инспекторлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш ҳозирги даврнинг ўткир талаби эканлигини таъкидлади.

Очиқ мулоқот давомида терговга қадар текширув босқичида прокурор назорати, жиноят ишини қўзғатишни рад этишда эътиборга олиниши лозим бўлган жиҳатлар, терговга қадар текширувни такомиллаштириш истиқболлари ҳамда соҳага оид бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди. Тингловчилар амалиётда учраётган айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдиришди.

ИИВ Академияси матбуот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага